Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк зотларнинг ёди асло унутилмайди
14:06 / 2022-01-30

Шундай инсонлар борки, бутун ҳаёти, фаолиятини юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлига бағишлайди. Бундай инсонлар ҳар сония, ҳар дақиқа, ҳамма вақт яхши ном, яхши хотиралар билан ёдга олинаверади. Шубҳасиз мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, Мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовни ана шундай инсонлар қаторига қўшамиз.

Энди Биринчи Президентимиз орамизда йўқ. Аммо тилларимизда, қалбларимизда, хотираларимизда ҳамиша биз билан бирга, бизнинг орамизда. Агарда бугун ҳаёт бўлганларида 84 ёшни қаршилаган бўлар эди.

– Мен илк бора биринчи Президентимиз билан 1998 йил 2 декабрь куни “Оқсарой”да юзма-юз учрашганман, – дейди халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Анора Бобомуродова. – Тадбирда менга ҳам сўз беришган эди. Ҳаяжонланганимдан “Навоийлик хотин-қизлар сизни жуда яхши кўришади. Сиз томонингиздан олиб борилаётган ислоҳотларга ўз муносабатини билдириб, уларни амалга оширишда муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда”, деганимда: – Мен ҳам уларни яхши кўраман, уларга ҳурматим чексиз. Менинг миннатдорчилигимни уларга, албатта, етказинг”, – деганди. Шундан кейин ўтган фаолиятим давомида ўтказилган йиғилиш, учрашув ва тадбирларда иштирок этдим. Эсимда, 2005 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йиғилишида нутқ сўзлаганларида мамлакатимизда икки палатали парламентнинг фаолият юритиши барча соҳага оид қонунчиликни ривожлантиришга имконият яратиши, қонун ва қонуности ҳужжатларнинг халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилиши ҳақида гапирган эди. Ана шу нутқни тинглар эканман, Юртбошимизнинг ҳар бир масалага қанчалик эътибор бериши ва тараққиётимизнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш учун фидойиликларига гувоҳ бўлдим. 2008 йил январда Президентлик лавозимига киришиш учун қасамёд қилганларида Ислом Абдуғаниевич Каримов парламент аъзолари кўз ўнгида ҳақиқий халқ етакчиси сифатида намоён бўлди. Қасамёддан сўнг ҳар бир вилоят вакиллари билан алоҳида-алоҳида вилоятдаги аҳвол, қандай муаммолар борлиги ва таклифлар бўйича юзма-юз сўзлашганлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. 

“Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди”, деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Ёдимда, 2016 йил 2 сентябрь. Телевизордан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг оламдан ўтгани эълон қилинганида, бутун оиламиз билан йиғлаганимиз рост. Ўша йили биринчи синфга қадам қўяётган қизим Эъзоза болаларча фикрлаб, шундай деган эди: “Дада, энди менга ким китоб-дафтар беради. Ахир Жавоҳир акамга (укамнинг ўғли) ўтган йили Президент бобом совға берган эди. Нима энди бизга ҳеч ким совға бермайдими?”.

Улуғ Йўлбошчимиз давом эттирган иш асло тўхтаб қолмади. Демакки, сарбон борки, карвон йўлдан адашмайди.

Абдували Бўриев, ЎзА