Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Темурнинг буюклигини аввало, ўзимиз эътироф этайлик
16:58 / 2026-02-10

Жаҳон тарихини ўзгартириб юборган, оламшумул ишлар қилган инсонлар бор. Буюк Темур, шак-шубҳасиз, ана шундай шахслардан бири. Унинг буюк шахс бўлганини жаҳоннинг аксарият темуршунос олимлари ва мутахассислари тан олади. Хорижда Темур ҳақида ёзилган асарларнинг мутлақ кўпчилигида Турон ҳукмдорига нисбатан “Буюк” сифати қўшиб ишлатилади. Лекин Буюк Темур ўз юртида ҳамон “Амир Темур”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Амир Темур Кўрагон” ва “Темурбек” деб атаб келинмоқда. Буюклигини дунё эътироф этган  Темур бобомизнинг номига унинг авлодлари нима учун “Буюк” сўзини қўшиб ишлатмаймиз, бунинг сабаби нимада, деган саволлар мени доим ўйлантирар эди.

Шу йилнинг 5 февраль куни қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг  690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори ана  шу камчиликни бартараф этиш йўлида ташланган катта қадам бўлди.

Кўпчилик биладики, жаҳон тарихи, фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган шахслар номига “Буюк” сифати қўшиб ишлатилади. Шу боис, жаҳонда Темурни кўпчилик “Буюк Темур” деб атайди. Хорижда Темурга бағишлаб ёзилган  асарларнинг аксарияти  шундай номланади. Бизда эса унинг номига бошқа сифатлар қўшиб ишлатилади, яъни  “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Темурбек”.  Темурни “Амир Темур” деб аташ эса, менимча, ҳатто руҳимизга ҳам сингиб кетди. Мазкур атамаларнинг моҳиятини тўғри тушуниш учун темуршунос олимлар Бўрибой Аҳмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджоновларнинг “Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)” мақоласига мурожаат қиламиз. 

“Амир”. Темур  туғилиши бўйича амир эди. Яъни у ҳаётида ҳеч қандай ютуққа эриша олмаса ҳам, жиддийроқ амалга чиқа олмаса ҳам, туғилган вилояти Кешдан ташқарига чиқолмаса ҳам барибир Амир Темур бўлиб қолаверарди. Сўзимнинг исботи сифатида мазкур мақоладан иқтибос келтираман: “Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул).  ...Отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган”.

Мазкур иқтибосдан кўриниб турибдики, Темурга “Амир” сифати қўшилишида унинг ҳеч қандай хизмати йўқ. Бу отасидан мерос насаб ҳисобланган. Шу боис,  туғилиши билан унинг  исми “Амир Темур”  деб аталган.

“Амир” унвонининг бошқа маъноси ҳам бор. Ўзбек тилининг изоҳли луғатидан: “АМИР – (ҳоким, ҳукмдор; бошлиқ) ”Бухорода ва баъзи мусулмон мамлакатларида: хонлик, подшолик унвони ҳамда шу унвон эгаси”. Демак,  “амир” унвони “хон ёки “подшо” маъноларини ҳам билдирар экан. Бу ўринда, балки, Темур “хон” ёки “подшо” унвонларидан  “амир”  унвонини баланд қўйиб, шу ном билан тарихда қолишни ўйлагандир, деган фараз  туғилиши ҳам  табиий...

Мазкур мақоладан қуйида келтирилган иқтибос эса Темур “амир” насабини ҳарбий унвон сифатида ҳам тушунганлигидан далолат беради: “Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамиятини яхши тушунган Амир Темур қўшиннинг тузилишига катта эътибор қаратди. У “амир” ва “амир ул-умаро” каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий қилди”. Қаҳрамонлик кўрсатган  жангчиларни Темурнинг ўзи “амир” унвони билан тақдирлаган: “Энг яқин навкарларимдан уч юз ўн уч кишига амирлик мансаби беришни буюрдим, чунки улар асли тоза, ақл-фаросатли, баҳодир, довюрак, тадбиркор, сергак, эҳтиёткор, олди-кетини ўйлаб иш тутадиган кишилардир”.

“Соҳибқирон”.  Бу сўзнинг маъноси “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қуйидагича талқин этилади: ”СОҲИБҚИРОН”(қирон эгаси) 1. Астрология ва афсоналарда: Зуҳра ва Муштарий ёки Зуҳра ва Қуёшнинг эклиптика даврининг маълум бир даражасида тўқнаш  келиш вақти (қирон)да  туғилган бола  (бундай боланинг бахтли, ғолиб, музаффар ва улуғ мартабали бўлиши башорат қилинган).  2. Шарқ мамлакатларида: қудратли ҳукмдор, жаҳонгир унвони.   3. Амир Темурнинг шарафли унвони. 

Демак, Зуҳра (Венера) ва Муштарий (Юпитер) ёки Зуҳра ва Қуёшнинг эклиптика даврининг муайян бир даражасида тўқнаш  келиш вақти астрология ва афсоналарда “қирон” деб аталаркан ва шу пайтда туғилган боланинг келажаги буюк бўлиши олдиндан маълум бўлар экан. Соддароқ қилиб айтсак,  “Соҳибқирон” атамасининг мазмуни илмий асосга эга бўлмасдан,  балки астрология ва афсоналардан келиб чиққан экан!... 

“Кўрагон”.  Мен Темурга “Кўрагон”  унвонини бериш  аслида Буюк Темурнинг шахсини ерга уриш, унга нисбатан камситиш,  деб ҳисоблайман. Айрим тарихчилар фикри бўйича бу масала мана бу тарзда баён этилади: “1370 йилнинг 10 апрелида Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулкхонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди”.

Аввало, миллатимиз ва динимизда хотиннинг насаби билан фахрланиш ориятсизлик ва уят ҳисобланади. Бу гап ҳатто, энг оддий йигитларга ҳам тегишли. Халқимиз асрлар давомида шу ақида билан яшаб келган. Шундай экан, наҳотки, Турондай катта бир давлатга ҳукмдорлик даражасига етган Темур  бировнинг ҳарамидан қолган, лекин хон авлодидан бўлган бева аёлга уйланишни ўзига шараф деб билган бўлса! Бунга ишониш қийин! Бундай бўлиши Темурнинг ғурурига мутлақо тўғри келмас эди! Қолаверса, мабодо Темурга “хонга куёвлик” унвони керак бўлса, у Чингизхон авлодидан бўлган ҳали турмуш қурмаган қизга уйланиши мумкин эди!

Ўзида 80 000 сўзни қамраб олган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да  “кўрагон” сўзининг маъноси у ёқда турсин, ҳатто ўзи ҳам йўқ экан! Агар  бугунги кунда тилимизда бу сўз бўлмаса, Темур даврида ҳам бўлмагандир, бу лақабни  унинг вафотидан кейин халқимиз душманлари атайлаб ўйлаб топиб, тарихга киритиб юборишганмикин, деган фаразу-гумонлар пайдо бўлиши ҳам табиий бир ҳол...

Шу ўринда бир изоҳталаб ҳолат бор. Яъни айрим тарихчилар  ўша даврда “кўрагон” сўзи “ҳукмдор” маъносида ҳам ишлатилган, дейишади. Лекин мақолада мен бу сўзнинг “хоннинг куёви” маъносида ишлатилган варианти ҳақида фикр юритдим.

Буюк бобомизни ”Темурбек” деб аташ ҳолатлари ҳам бор. Лекин бу унчалик кўп тарқалмаган вариант бўлгани ва мазмуни қўшимча изоҳсиз ҳам тушунарли эканлиги туфайли унга тўхталиб ўтиришни ортиқча ҳисоблайман. 

Айрим темуршуносларда Темур Чингизхон авлодидан бўлмагани учун у хонлик тахтига ўтиришга ҳаққи йўқ эди, деган фикрлар  бор. Мутахассисларнинг  бу борадаги қарашларига мисол сифатида 5 та китобдан иборат  “Улуғ салтанат” тетралогиясини ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси  Муҳаммад Али ижодига мурожаат қиламиз“Ўша пайтдаги таомилга кўра, давлатга Чингизхон асос солган, шунинг учун фақат унинг авлодидан бўлганларгина хон аталишга лойиқ кўриларди”. 

Бу “таомил” қаердан келиб чиққанлигини тарихчилар бундай тушунтиришади: Темурнинг саккизинчи аждоди Қочувли (баъзи манбаларда Қачули)  баҳодир ва Чингизхоннинг учинчи аждоди Қабулхонлар (бу киши турк-мўғулларнинг афсонавий онаси  Алонқуванинг авлоди бўлган дейилади) ўртасида “Хонлик Қабулхон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қочувли  баҳодир болаларида бўлсин”,  деган аҳднома бўлган. Балки шундай “аҳднома”  бўлгани туфайли ўша пайтдаги одамларда фақат Чингизхон авлоди вакилларигина “хон” бўлиши керак, деган ақида туғилган бўлиши ҳам мумкин?!

Бундай “аҳднома” ҳақиқатда бўлмагандир десак, Темур ўзининг “Тузуклари”да бунинг бор эканлигини тан олган. Балки шу боис, Темур ҳокимият тепасига келган илк даврида бу фикрга қўшилган ва шу сабаб ўзини “хон” деб эълон қилмаган бўлиши мумкин. 

Лекин ҳокимият тепасига келгандан бир неча йил ўтиб, Евроосиё материгининг авваллар чингизийлар ҳукмронлик қилган катта ҳудудида Темур асосий фигурага айланди. У ҳатто, Олтин Ўрда тахтига ўзи хоҳлаган Тўхтамишни хон қилиб кўтариш даражасига етди. Бу улкан ҳудудда унга тенг келадиган ҳарбий куч қолмади. Ана шундай вазиятда агар Темур хоҳлаганда, у ўзини “Темурхон” деб эълон қилиши мумкин эди ва ҳеч қанақа куч бунга монелик қила олмасди. У бунга ўзи тахтга ўтқизган Тўхтамишхондан рухсат олиши керакмиди? 

Қолаверса, 1360 йили чингизий Туғлуқ Темурхон билан Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлиши тўғрисида янги аҳднома тузилган. Янги тузилган  аҳднома ҳақида Темур бундай дейди: Туғлуқ Темурхон  “Мовароуннаҳрни эса менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳднома ёзиб берди. ...Мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим”.

Мен Темур ўзини “хон” деб эълон қилмаганининг сабаблари  жуда чуқур  бўлган ва у ҳам Темурнинг буюк шахслигидан бир мисол, деган фикрдаман. Чунки, ўзини “хон” деб эълон қилганда Темур фақатгина Чингизхон ишининг давомчиси сифатида тарихда қолар эди, мустақил сулоланинг асосчиси бўла олмасди. Менинг фаразим бўйича, Темур 1370 йилдаёқ ўзининг келгусида буюк ишлар қилиши ва  улкан салтанат барпо эта олишига  ишонган! Шу сабабга кўра,  Темур онгли равишда ўзига “хон” насабини олмаган. Чингизий ҳукмдорлар дунёга машҳур қилган “хон”лик мартабасини Темур ўзига муносиб кўрмаган! 

Лекин Темур  йигит ёшидан бошлаб,  юртини мўғуллар истибдодидан озод қилиш ва ўз давлатини ташкил этиш  ниятида бўлган. Унинг айнан шундай фикрда бўлгани  “Темур тузуклари”да   “мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим” (бу воқеа 1360 йилда, яъни Темурнинг 24 ёшида  юз берган – таъкид муаллифники),  деб ёзиши ва айнан Темур  Мовароуннаҳрга вақтинча ҳукмронликка эришган  1360 йилдан бошлаб  юз берган воқеаларни  “Темур тузуклари”да  “Давлат қуриш олдидан қилган иккинчи кенгашим”, “Ўз салтанатимни тузиш йўлида қилган учинчи кенгашим”, “Салтанатимнинг дастлабки даврларида қилган тўртинчи кенгашим” деб аташидан кўриниб турибди.

Эътибор қилинг, Темур қайсидир ҳукмдорга сипоҳсолор бўлиб қолишни ўзига эп кўрмаяпти, балки, “ҳукмрон бўлдим”, “давлат қуриш олдидан”, “ўз салтанатимни тузиш”, “салтанатимнинг” деган ибораларни ишлатяпти. Яъни, у ўз мустақил давлатини тузиш ва унга ўзи  ҳукмрон бўлиш нияти борлигини  очиқ-ойдин ифодалаяпти.

Темур айнан ўзи мустақил ҳукмрон бўлишни хоҳлагани “Тузуклар”дан олинган қуйидаги иқтибосда ҳам равшан кўриниб турибди: “...ҳижрий 762  (милодий 1361) йили Туғлуқ Темурхон иккинчи марта Мовароуннаҳрга  қўшин тортиб келиб, мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен (рози бўлиб), унинг истиқболига чиқдим ва у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёс Хожага топширди, мени эса сипоҳсолор қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни сезиб, бобом Қочувли Баҳодир ва ўзининг бобоси Қабулхонларнинг аҳдномасини кўрсатди”. 

Демак, бу икки авлод вакиллари ўртасида турли пайтларда тузилган иккита, бир-бирига зид аҳднома бор экан. Аҳдномаларнинг кейингиси биринчисини инкор этяпти. Демак, шу билан Темурнинг давлатнинг мустақил ҳукмдори бўлиш ҳақидаги ниятига тўсқинлик қиладиган аввалги ҳужжат ўз аҳамиятини йўқотади.

Темур баъзан номига “султон” сўзини қўшиб ишлатган. “1391 йилда Тўхтамишхон билан жангга бораётиб, Дашти Қипчоқда улкан тошга хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини "Турон султони" деб атади”. 

Юқорида баён этилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики. “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Бек” насаблари Темурнинг жаҳон тарихи олдидаги буюк хизматларини ифодаламайди. Бу насабларни ишлатишга мен қарши эмасман. Лекин унга нисбатан “Буюк” унвонини қўшиб, “Буюк Темур” деб атасак,  бобомизнинг инсоният олдида қилган хизматларини жаҳонда кўпчилик томонидан қабул қилинган таомилга  мос ҳолда унинг номида эътироф этган бўлардик. 

Кўпчилик олимлар Темурнинг тарих олдида қилган энг буюк хизматларини қуйидагича ифодалайди.

Ўзбек ва яна қатор халқларни мўғулларнинг 150 йиллик (1219-1370 йиллар)  истибдодидан озод қилди.  Хоразм давлатининг 1220 йилги харитаси Темурнинг бугунги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон,  Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Қашқар, Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатларни тўла ёки улар ҳудудларининг катта қисмларини мўғулларга қарамликдан озод қилганидан гувоҳлик беряпти. Шак-шубҳасиз, бу шу халқлар олдидаги ўта катта хизмат ҳисобланади!                

Темур ўз даврининг энг қудратли ва буюк салтанатларидан бирини  барпо этди. Забардаст темуршунос олимлар Бўрибой Аҳмедов ва Абдулаҳад Муҳаммаджоновлар таъбири билан айтганда,  мазкур салтанатга Осиё, Европа ва Африка қитъаларидан  27 та давлат кирган. Бу майдони, аҳолисининг сони, иқтисодиёти  ва ҳарбий қудратининг катталиги бўйича жаҳон тарихидаги энг катта империялардан бири эди! Унинг майдони 4 миллион квадрат километрни ташкил этган!  Темур салтанатининг  чегаралари  Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва  Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган. Бундан ташқари,  Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон  бўйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса  Шимолий  Ҳиндистонгача бўлган мамлакатлар ҳам тобе бўлган.                                             

Темур инсоният тарихидаги энг буюк саркардалардан бири ҳисобланади.  У  ҳокимият эгаси бўлган 1370 йилдан то умрининг охиригача, яъни 35 йил давомида Турон давлати қатнашган барча урушларни ютди. Наинки, барча  урушларни, балки шу урушлар ичида юз берган барча жангларда ғолиб чиқди. Бу ҳақида яна атоқли темуршунос ёзувчи ва олим Муҳаммад Алига мурожаат қиламиз: “Милодий 1365 йилда Сирдарё бўйидаги Чиноз ёнида мўғуллар билан бўлган машҳур "Лой жанги"да Амир Ҳусайн бошлиқ Турон чериги (Амир Темур лашкарбоши эди) мағлуб бўлди. Бу 29 ёшли Амир Темурнинг умрида биринчи ва сўнгги мағлубияти эди.  ...Тахминан мингдан ортиқ жанг ўтказди, уларда зафар ҳамиша Соҳибқирон томонида бўлди”. 

Бундай ҳолат тарихда камдан-кам ҳукмдорга насиб қилган. Масалан, Чингизхон, Наполеон каби машҳур саркардалар  ҳам ўз ҳарбий фаолиятлари мобайнида анчагина жангларда ютқазган. Чингизхон Жалолиддинга  бир неча жангда  мағлуб бўлган. Наполеонда ҳам улкан мағлубиятлар бўлгани кўпчиликка маълум. 

Темурнинг жаҳоннинг кўп ҳукмдорларидан ажралиб турадиган яна бир улуғ сифати бўлган, яъни унинг   салтанати фақатгина майдони ва аҳолисининг сони катталиги билангина дунёнинг биринчи давлатига айлангани йўқ, балки  бу ҳудудда  маданият, санъат, илм-фан, меъморчилик беқиёс даражада ривожланди. Яъни, Темур давлатида илм-фан, маданият, санъат, қурилиш ривожига улкан туртки берди. Салтанат пойтахти Самарқанд эса ўша даврнинг энг гўзал ва маҳобатли шаҳрига айланди. 

Темурнинг тарих олдидаги энг буюк хизматларидан бири шундаки, унинг  ташаббуси ва раҳбарлигида инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодисалардан бири бўлмиш “Иккинчи Ренессанс даври” бошланди. Яъни Темур Шарқда янги Ренессанс даврининг асосчиси бўлган.  Президентимиз таъбири билан айтганда,  “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди”. 

Темурийлар асос солган Буюк уйғониш даврининг таъсири инсоният маънавий оламида беш юз йилдан кўпроқ давр давом этди, улар қолдирган буюк мерос эса жами инсониятнинг бебаҳо мулкига айланди.

Олтин Ўрдани тор-мор этиб, Россия ва бошқа Шарқий Европа давлатларининг мўғуллар истибдодидан озод бўлишига шароит яратди.  Рус тарихчиларининг фикрларига кўра, “Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек,  тарқоқ Рус князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган”. Яъни, Темурнинг  Олтин Ўрда давлатини қаттиқ мағлуб этиши унинг қайта ўзига кела олмаслигига сабаб бўлди. Соддароқ айтганда, бу ҳодиса  Шарқий Европа давлатларининг мустақилликка эришишига асосий сабаб бўлди.

Темур – Европа халоскори! Ўзи буни хоҳламаган ҳолда, Боязиднинг қайта-қайта даъватларидан кейин мажбурий равишда Темур у билан жангга киришга мажбур бўлди. Бобомизнинг бу урушда турк султони Боязидни енгиши, Европани Усмонли турклардан халос этди. 1402 йили Анқара шаҳрига яқин жойда ўша кунги дунёнинг иккита энг қудратли армиялари ўртасида жанг бўлди. Бу жангда Темур жаҳоннинг буюк саркардаларидан бири Боязид Йилдирим устидан тўла ғалаба қозонди. Темур бу ғалабаси билан Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланди.

Негаки, сал олдинроқ Боязид Европа давлатларининг бирлашган қўшинини тор-мор этган ва бу қитъада унга қарши тура оладиган ҳарбий куч қолмаган эди. Шу боис, Темурни “Европа халоскори” деб атай бошлашди.  Боязид устидан қозонилган бу ғалаба билан Амир Темурни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV (1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар.

Буюк Темур давлатни ташкил этиш ва бошқаришнинг мутлақо янги сиёсатини яратди. Яъни Темур “Темур тузуклари” асарида  ўз даврининг  адолатли ва прогрессив давлат сиёсати назариясини ишлаб чиқди  ва уни  амалиётга  жорий этди.  “Темур тузуклари”да Темур давлатни бошқаришнинг моҳиятини қуйидагича таърифлайди:  “Давлат ишларининг 9 улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим”. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани ҳам бежиз эмас, албатта. 

Айрим тарихчиларнинг, “Темур давлатни бошқаришда Чингизхон таълимотидан фойдаланди”, деган фикрлари эса  – ғирт уйдирма! Зеро, Чингизхон ва Темур  давлат бошқарувида ўзлари мансуб  бўлган  диний тартиб-қоидаларга асосланган, улар эса бир-биридан кескин фарқ қилган. Қолаверса, аждодлари шаҳар-қишлоқларда яшаган Темур ва унинг амалдорларининг салоҳияти ҳамда давлатни бошқариш борасидаги билим ҳамда тажрибалари кўчманчилар авлодлари Чингизхон ва унинг вазирларига нисбатан бир неча калла баланд эди!  Айрим тарихчилар мана шу оддий иккита ҳолатни кўпинча унутиб қўяди. Қолаверса, Марказий Осиёда Чингизхон босқинига қадар ҳам  улкан салтанатлар бўлган. Масалан, Турк хоқонлиги, Хоразм давлати ва ҳ.к.лар. Улар тажрибасидан фойдаланиш Темурга яқинроқ ва халққа тушунарлироқ эканлиги маълумку!

Темур – жаҳон замонавий солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири! Темур ҳокимият тепасига келганда  150 йил давомида Чингизхон ва унинг авлодлари бу юртда иқтисодиётни ўта оғир аҳволга солиб қўйгани, улар яратган солиқ тизимининг аҳоли манфаатларига тўғри келмаётганини кўриб, “Темур  тузуклари” асарида  давлатнинг иқтисодий асоси бўлмиш солиқ сиёсатининг исломий ақидаларга асосланган адолатли тизимини ишлаб чиқди ва уни  улкан салтанатида амалиётга жорий этди. Бу иши билан у ҳақли равишда жаҳон замонавий солиқ сиёсатининг асосчиларидан бирига айланди. 

Энди жаҳонда солиқ фанининг “оталари” ҳисобланмиш Вильям Петти, Адам Смит ва Давид Рикардолар фаолиятига бир бор назар ташлайлик.  Темур вафоти ва  “Темур тузуклари”дан энг камида 262 йил  кейин “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги  рисола”ни ёзган Вильям Петти,  371 йил ўтиб “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот”ини битган Адам Смит ва 412 йил кейин “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари”ни нашр этган Давид Рикардолар Темурнинг давлатчилик фаолияти ва унинг буюк асари билан таниш бўлганлар, деб ўйлашга етарли асосларимиз бор. Чунки, буюк давлат арбобининг оламшумул аҳамиятга молик асари  “Темур тузуклари”  бу даврда Европа давлатларида маълум эди. Академик Бўрибой Аҳмедов гувоҳлик берганидек, “Тузуки Темурий 15-19 асрларда нафақат олийнасаб кишилар, балки бутун жаҳон илм аҳли ўртасида шуҳрат топди. Асарнинг қўлёзма шаклида ҳам, тошбосма тарзида ҳам жаҳоннинг деярли барча кутубхоналарида борлиги, шунингдек,  кўп тилларга – инглиз, француз, рус , урду ва ҳозирги ўзбек тилларига узлуксиз таржима қилиб турилиши бунга исбот-далилдир”.

Мазкур олимларнинг жаҳон солиқ сиёсатининг назариясини яратган деб ҳисобланадиган юқорида номлари зикр этилган асарларида баён этилган энг муҳим хулоса ва фикрларнинг “Темур тузуклари”га жуда-жуда ҳам ўхшаб кетиши бу фикримнинг яна бир исботидир. Мазкур асарларни қиёсий таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдакиБуюк Темур вафотидан   300-400 йил ўтгандан кейин Петти, Смит ва Рикардолар “Темур тузуклари”даги асосий фикр-мулоҳазаларни ўз тилларида ва европача  баён этиш услубида ёзиб чиққан.

Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг  “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг  690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бизга бу борада жуда катта кўмак беради. Зеро, унда  “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази  Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартдан бошлаб Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Буюк темурийлар” атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказсин” деган вазифа қўйилган.

Темур – шубҳасиз, жаҳон тарихидаги энг буюк ва юксак маърифатли,  тарихга улкан ҳисса қўшган, уни ўзгартира олган, Иккинчи Ренессанснинг асосчиси бўлган давлат раҳбари ва саркарда! “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Бек” нисбалари унинг инсоният олдидаги шахсий хизматларини тўлалигича эътироф эта олмайди. Тарих олдидаги у қилган хизматларнинг кичик бир бўлагини бажара олган қатор давлат раҳбарлари,  аввало, ўз халқлари томонидан “Буюк Петр”, “Буюк Екатерина”, “Буюк Карл”, “Буюк Фридрих”, деб улуғланган. Кейинчалик, бу эътирофни бутун дунё қабул қилган ва улар тарихда буюк шахслар сифатида қолди.

Тарих олдида улуғ ишлар қилган шахсларнинг улуғлигини аввало, ўз халқлари эътироф этган ва бошқаларни шунга ўргатган. Биз ҳам улардан  ибрат олиб, барчамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб, бугундан бошлаб  ҳамма жойда ва ҳамма вақт бобомизни “Буюк Темур” деб  аташни бошлайлик! Бобомиз ҳақидаги юртимизда аввал ёзилган асарларнинг кейинги нашрларида номига “буюк”  сўзини қўшайлик, келгусида туғилажак асарлар номларини “Буюк Темур” деб атайлик! Суратга олишга тайёргарлик кўрилаётган  янги фильмни ҳам  “Буюк Темур” деб номлайлик.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.