Бугун Шаҳрисабз шаҳридаги Кўк гумбаз мажмуасидаги Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг устози Шайх Шамсиддин Кулол мақбарасида жонлиқ сўйилиб, уларнинг табаррук номига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг буюк Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида барча сектор раҳбарлари, ҳарбийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Оқсарой майдонидаги Амир Темур ҳайкали атрофида жам бўлишди.
[gallery-16842]
Вилоят раҳбари Муроджон Азимов сўзга чиқиб, Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги ўрни ҳамда салоҳияти, ҳарбий сиёсати, маънавий-маърифий соҳага қўшган улкан ҳиссаси, қолдирган бой маданий мероси, шунингдек, бобомиз орзу қилган мустақил Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларини тилга олиб, йиғилганларни қўшалоқ байрам билан табриклади.
Сўнг Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди ва унга ҳурмат бажо келтирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари