Андижон вилояти педагогик маҳорат марказида “Навоий ва Бобур – миллат қуёшлари” деб номли адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда марказ профессор-ўқитувчилари, тингловчилари, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят педагогик маҳорат маркази директори Турсунали Турғунов, Тилларни ўқитиш методикаси кафедраси доценти Барнохон Раҳмонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Фарид Усмон, ижодкор ўқитувчи, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Абдурашид Эргашев ва бошқалар Навоий ҳамда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди хусусида сўз юритди.
[gallery-27688]
Шунингдек, жаҳон адабиёти, илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган тарбиявий асарларини ўрганиш, тарғиб этишда педагогларнинг ўрни ва роли муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
– Навоий ва Бобур ижоди чиндан миллатимизга маънавий нур ва иссиқлик улашувчи қуёшдир. Уларни қанча кўп ўқисак, ўргансак, тафаккуримиз шу қадар тиниқлашиб бораверади. Ана шу буюк зотларнинг ижодий меросини ёш авлодга ўргатиш эса бизнинг энг асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади, – дейди Абдурашид Эргашев.
Тадбирда Навоий ва Бобурнинг ғазал, рубоийларидан намуналар ўқилди, ижодкор педагоглар мушоираси тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.