Навоий давлат педагогика институтида Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Навоийшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда “Навоий ғояларининг замонавийлиги”, “Малолик фатҳининг соҳибқирони”, “Хамса” даги айрим ҳикоятлар талқини”, “Ҳайрат ул-аброр” структурасида издошлик ва ўзига хослик” мавзуларида маърузалар тингланди.

Таъкидланганидек, бадиий адабиётнинг юксалишида Алишер Навоийнинг тутган ўрнини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Тадқиқотчилар фикрига кўра, Алишер Навоий сўз мулкининг султони сифатида асарларида 1 миллион 378 минг 660 тадан ортиқ сўз, шу жумладан 26 мингта бетакрор сўз қўлланилган.
Адабиётшунос олимларнинг олиб борган изланишлари Навоий сиймоси, у яратган асарлар умрбоқийлигининг сирларини ўрганиш, сабоқ олиш буюк мутафаккир яшаб ўтган даврнинг ўзидаёқ бошланганлигини кўрсатади. Шоир яшаб ўтган даврдан кейин барча замонларда ижодий фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган асарлари адабий жараён, бадиий тафаккур тараққиётида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда институт Санъатшунослик факультети профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат “Мақомчилар ансамбли” бадиий жамоаси томонидан Навоий ғазаллари асосидаги мумтоз қўшиқлар ижро этилди.
А.Бўриев, ЎзА