Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази делегацияси жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Туркия Республикасида илмий сафарда бўлди.
Мазкур делегация вакиллари Туркиянинг Диярбакир вилоятидаги Дижле университетида 15-17 октябрь кунлари ўтказилган халқаро “Силван ва Қиличарслон биринчи” мавзусидаги симпозиумда қатнашди. Халқаро симпозиум буюк аждодимиз, жасорат ва мардлик сиймоси Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш, шунингдек, султоннинг сўнгги кунлари ўтган ҳудудларда тадқиқотлар олиб бориш, саркарданинг ҳалокати билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилиш ва қабри жойлашган ҳудудни аниқлаш мақсадида ташкил этилди.
Делегация вакиллари сафарнинг илк кунида Дижле университетига ташриф буюрди. Делегация аъзоларини симпозиум ташкилотчилари Дижле университети, Диярбакир вилояти ҳамда Силван ҳокимликлари томонидан муносиб кутиб олинди. Университетда симпозиумнинг очилиш маросими ва бевосита Султон Жалолиддин Мангубердининг тақдирига бағишланган маърузалар учун ажратилган шўъба йиғилишлар бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари, “Жалолиддин Мангуберди” фонди раиси, ёш олим Бекзод Абдиримов делегация вакилларининг асосий мақсадлари, ўзаро илмий ҳамкорлик, Султон Жалолиддин Мангубердининг Шарқ халқлари тақдирида тутган ўрни ҳақида сўзлади. Шундан сўнг Диярбакир вилояти валийси Мунир Каралўғлу ҳам сўзга чиқиб Султон Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудуд ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, бу жойда мақбара бунёд қилинишини таъкидлади.
Шўъба йиғилишида Султон Жалолиддин Мангубердининг жасорати ва ватанпарварлиги бугунги халқлар учун ибрат мактаби эканлиги, унинг қабри билан боғлиқ тахминлар илгари сурилди. Дижле университети тадқиқотчилари томонидан Сибт ибн Жавзийнинг “Мираът аз-Замон” асари далил сифатида келтирилиб, қабр жойлашган ҳудуд сифатида Силван шаҳрининг Буржи Малик қалъаси атрофи эканлиги таъкидланди.
Илмий сафарнинг иккинчи куни ишчи гуруҳ аъзолари туркиялик олимлар билан бирга Жалолиддин Мангубердининг қабри жойлашган ҳудудга борди. Бу жойда маҳаллий тадқиқотчилар ва аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилиниб, тасвирга олиш ишлари олиб борилди.
– Мутахассисларнинг аниқ далилларга суянган ҳолда айтишича, Жалолиддин Мангуберди дафн қилинган жой дея кўрсатилган манзилга етиб бордик, – дейди “Жалолиддин Мангуберди” фонди раиси Бекзод Абдиримов. – У ерда Силван – Маяфариқин шаҳри қалъаси қолдиқларини кўрдик. Манбаларда Жалолиддиннинг мана шу деворлар ортига дафн қилингани айтилмоқда. 1970 йилга қадар бу деворлар ёнида ҳеч қандай иншоот бўлмаган. Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мана шу қалъа яқинида Фаридун жомъе масжидининг тиклангани ўзига хос рамзий маънога эга. Жалолиддин Мангуберди қабри хусусидаги 25 йиллик тахминлар поёнига етиб, мана шу жой унинг сўнгги манзили сифатида белгиланмоқда.

Сафарнинг учинчи куни эса ишчи гуруҳ аъзолари Туркияда мавжуд бўлган ва Хоразм номи билан боғлиқ қишлоқлардан бирига ташриф буюрди. Қишлоқда маҳаллий аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилиниб, уларнинг ҳозирги ўзбек халқи билан этнографик, лингвистик яқинлиги ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА