Яқиндагина қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган эзгу мақсадлар халқимизнинг кўнглини тоғдай кўтараётган бир пайтда Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида мазкур стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун эканлигини қайд этиб, “биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз” дея эътироф этди. Бу айни ҳақиқат.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу йил мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида 2022 йилга нисбатан 8 поғонага кўтарилди. Яъни Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллади.
Бунинг асосий сабаби, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг 10 та мақсади бўйича кўрсаткичларида ижобий ўсиш қайд этилганидир. Улар мамлакатда камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш ва фаровонликни таъминлаш, сифатли таълим, гендер тенглигига эришиш, шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш каби йўналишлардир.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги олти йил ичида амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга, кексалар, хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бор шахслар – барча-барчасига муносиб турмуш шароитларини яратишдир.
Президентимизнинг мазкур нутқида таъкидланган барча натижалар ва режалар дунё эътиборини тортгани, шубҳасиз. Жумладан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани, 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинаётганининг ўзи бу йўналишда олиб борилган ишларнинг кўлами қанчалик кенг эканлигини кўрсатади. Жумладан, қисқа муддат ичида аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида амалий механизмларнинг ишлаб чиқилгани ўз самарасини берди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш, аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги янгича ёндашувлар халқнинг, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларнинг елкасидаги оғир юкни олди, десак, муболаға бўлмайди.
Президентимиз нутқида таъкидланганидек, ўтган йилларда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Бу жуда катта натижа, албатта. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олий ўқув юртида ўқиши учун имконият яратилади.
Шунингдек, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этгани, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса биринчи марта 35 фоизга етгани, аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилингани буларнинг барчаси давлатимиз томонидан Гендер тенгликка эришиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар маҳсулидир.
Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг билим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022 – 2023 ўқув йилида магистратура босқичида ўқиётган 2 300 дан ортиқ талаба қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилгани, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган1 минг 951 нафар хотин-қизга 17 миллиард 220 миллион сўм миқдорида шартнома тўлови учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратилгани келажакда барча туман ва шаҳарларимизнинг янада ривожланишига хизмат қиладиган хотин-қизлардан иборат салоҳиятли кадрларнинг етишиб чиқишига замин яратади.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи орқали юртимизда эришилган ютуқ ва марралар ҳамда халқимизнинг буюк мақсадлари дунё минбаридан янгради.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.
ЎзА