Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси
17:10 / 2025-09-30

Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан илм-фан ва маърифат соҳасидаги янгиликларга алоҳида урғу берди.

Масалан, Ислом цивилизацияси маркази очилиши бутун жаҳон илмий жамоатчилиги кутаётган муҳим воқеа сифатида таъкидланди. Глобал медиа тармоғи, Доҳа, Лондон, Куала-Лумпур ва Вашингтонда бош қароргоҳига эга халқаро телерадиокомпания – “Al-jazeera.net”, шунингдек “Voi.id” (Индонезия овози) каби дунёнинг етакчи нашрлари айнан шу мавзуга алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, марказда давлатимиз раҳбарининг исломдаги асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга мақсадида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусида бўлиб ўтган халқаро экспертлар форуми ёритилган. Мақолаларда ушбу форум 20 га яқин мамлакатдан 100 дан зиёд мутахассис – олим-у тадқиқотчи, музей ва кутубхона раҳбари, маданий мерос соҳасидаги экспертлар қатнашгани таъкидланган.

Анжуман доирасида нуфузли халқаро ташкилотлар – IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Жаҳон Ислом лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси ва “Christie’s” каби етакчи илмий ва маданий институтлар вакиллари маъруза, таҳлил ва таклиф билан чиқиш қилди. 10 та мавзу бўйича шўъба йиғилишида Қуръон зали, исломдан аввалги давр цивилизацияси, илм-фан тараққиёти, Ренессанс даври, музей ва кутубхона иши, рақамлаштириш технологияси, халқаро илмий ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Форумнинг 2-куни ялпи мажлисида мутахассисларнинг муҳокама натижаси сифатидаги таклиф, мулоҳазалари тингланди.

Жаҳон ислом уюшмаси конференция ва тадбирлар директори Шокир Ал-Адвоний ушбу марказ барпо этилиши ташаббусини юқори баҳолаб, Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Ат-Термизий каби алломалар ватани Ўзбекистонни Ислом маданияти маркази эканига урғу берди. Мажмуа жаҳон цивилизацияси ва коммуникация марказига айланиб, бутун дунё эътиборини жалб қилишига умид билдирди.

– Экспертлар даражасида маслаҳатлашув ўтказиб, тарих, иқтисодиёт бўйича чуқур ўрганиш олиб борарканмиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бизни тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда, – деди Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти – ISESCO вакили, қўлёзмалар бўйича мутахассис Аҳмад Абдул Босит. – Мажмуа ҳали расман очилмаган бўлса-да, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида бу ҳақда эълон қилди. Албатта, марказ билан яқиндан танишиш таклифи айни муддао бўлди. Жуда кўп экспозициялар эътиборимизни тортди. Мажмуа қурилиши жараёнида давлат раҳбари мунтазам қатнашгани, аниқ кўрсатмалар берганини бизга айтишди. Бу – бутун инсоният тараққиёти йўлида қилинган улкан меҳнат. Айниқса бугунги нотинч дунёда бундай диний, маърифий, мўътадил ислом ғояси жуда муҳим.

Тадбирлар доирасида Ислом цивилизацияси маркази ва қатор халқаро илмий ҳамда маданий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу ҳужжатлар марказнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳа, тадқиқот ва кўргазмалар учун мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий пойдевор вазифасини ўташи шубҳасиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА