Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк олим Николай Корженевскийнинг кундалиги ва шахсий ҳужжатлари давлат архивига топширилди
16:12 / 2025-04-11

Тошкент шаҳрида "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон Миллий архиви, Швейсариянинг Фрибург университети, Швейсария Миллий илмий фонди, Швейсария Қутб институти ва Чирчиқ давлат педагогика университети ҳамкорлигида муҳим илмий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида таниқли рус олими Николай Леополдович Корженевскийнинг 1903–1914 йилларда Ўрта Осиёда олиб борган экспедициялари давомида ёзилган кундаликлари ва шахсий ҳужжатлари Ўзбекистон Миллий архивига расмий равишда топширилди.

Николай Корженевский Ўрта Осиёнинг музликлари, тоғ тизмалари ва иқлим шароитларини ўрганишга катта ҳисса қўшган. Унинг номи билан аталувчи музлик ва географик объектлар ҳанузгача илмий хариталарда учрайди. Корженевскийнинг кундаликлари ва ҳужжатлари нафақат география, балки тарих, этнография ҳамда архившунослик учун ҳам ноёб илмий манба ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатларнинг Миллий архив фондига қўшилиши Ўзбекистон архивчилигини бойитибгина қолмай, ёш тадқиқотчилар ва тарихчилар учун янги изланиш йўлларини очади. Тадбир давомида олимнинг ҳаёти, илмий фаолияти, экспедиция кундаликларининг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбирнинг якуний босқичида кундалик ва ҳужжатларни архив фондига расмий топшириш маросими ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Иштирокчилар бу тадбир орқали Н.Л. Корженевскийнинг илмий меросини янгитдан кашф этишди, унинг гляциология ва география соҳасидаги хизматлари ҳақида чуқурроқ маълумотларга эга бўлишди. Бу тарихий ташаббус Корженевскийнинг бебаҳо илмий меросини сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказишда катта аҳамиятга эга бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА