Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзининг ноёб асарлари ҳамда оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, Илк Ренессанс даврининг ёрқин намояндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш мақсадида:
1. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма), ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2022-2023 йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ой муддатда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича ушбу қарорда белгиланган тадбирларни амалга оширишни ва қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини масъул ижрочилар, молиялаштириш манбалари ва миқдорларини аниқ белгилаган ҳолда тасдиқласин:
республикамиздаги Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, шу жумладан, Абу Райҳон Беруний шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, “Буюк Беруний мероси” халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш;
олимлар ва мутахассисларнинг таклиф-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқиладиган концепция асосида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2023 йил якунига қадар Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш ва унинг ҳудудида илмий-маърифий, маданий ва дам олиш ҳамда туризм объектлари фаолиятини ташкил қилиш, ушбу масалада икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори белгиланган тартибда қабул қилинишини ташкил қилиш;
аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш;
Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларда маданий мерос объектлари, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёларини реставрация ва консервация қилишга ихтисослашган лаборатория ташкил қилиш ҳамда уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш;
Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш;
юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, Интернет ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, дунё миқёсида хештег ва челленж каби тарғиботнинг замонавий технологияларини қўллаш;
Абу Райҳон Беруний сиймоси тасвирланган, алломанинг илмий-ижодий меросига бағишланган почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқариш;
умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида Хоразм вилоятида тегишли фан бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Абу Райҳон Беруний илмий-маърифий мероси, унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида илмий анжуманлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;
илмий доиралар, халқаро экспертлар ва кенг жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари асосида бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.
3. Жамғарма Ташкилий қўмитанинг ишчи органи этиб белгилансин ва мазкур қарорда белгиланган вазифалар бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.
4. Ташқи ишлар вазирлиги:
Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини дунё миқёсида чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган шахсларни ҳамда илмий-ижодий муассасаларни тақдирлаш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш;
Абу Райҳон Беруний юбилейига бағишланган тадбирларни тегишли хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, шу жумладан, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкил қилиш;
хорижий мамлакатлардаги Абу Райҳон Беруний ёдгорлик мажмуаларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борсин ҳамда уларнинг натижалари бўйича Ташкилий қўмитага таклиф киритсин.
5. Фанлар академияси, Маданий мерос агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий давлатларда сақланаётган Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, тадқиқ этиш ва давлат электрон каталоги ҳамда ЮНЕСКОнинг рақамли кутубхонасига жойлаштириш чораларини кўрсин.
6. Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва меросини тадқиқ этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилсин.
7. Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил декабрга қадар “Беруний ва ёшлар” махсус дастурини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин. Бунда, Абу Райҳон Беруний ҳаётига оид маълумотлар, унинг илмий-маърифий асарлари жамланган мобил илова яратсин ва ёшлар ўртасида кенг оммалаштирсин.
8. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
а) Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган муддатларда:
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар ҳамда илмий-маърифий тадбирларни ташкил қилсин;
Тошкент шаҳрида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказсин;
б) Абу Райҳон Берунийнинг барча асарларини тўплаш асосида босқичма-босқич алломанинг тўлиқ асарлари туркумини Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этиш чораларини кўрсин.
9. Маданият вазирлиги 2023 йилда Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий-маърифий фаолияти асосида янги спектакллар яратсин ҳамда уларнинг республика бўйлаб театрларда намойиш этилишини ташкил этсин.
10. Кинематография агентлиги 2022-2023 йилларда Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий-маърифий фаолиятига бағишланган бадиий, мультипликацион ва тўлиқ метражли ҳужжатли фильмлар, кўп қисмли телесериал яратиш ҳамда уларни хорижий мамлакатларда ҳам кенг намойиш қилиш чораларини кўрсин.
11. Бадиий академия ва “Ҳунарманд” уюшмаси 2022-2023 йилларда республикамиз бўйлаб Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий-маърифий фаолиятига бағишланган тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари ҳамда фотосуратлар кўргазмаларини ташкил этсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий-маърифий фаолияти ҳамда унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, шунингдек, таълим ташкилотлари ва меҳнат жамоаларида кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш чораларини кўрсин.
13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш, алломанинг илмий-маърифий мероси асосида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, ўқув-маърифий фильмлар яратиш тавсия этилсин.
14. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 25 август