Буюк мусаввир мероси дунё нигоҳида
Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда мусаввир ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий онлайн анжуман ўтказилди.
Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги
Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда мусаввир ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий онлайн анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 16 октябрда буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида унинг ижодига бағишланган тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Тадбирда 150 нафарга яқин маърузачи ўз мақолалалари билан иштирок этгани бунинг яна бир ёрқин далилидир.

Ялпи мажлисда жами 20 та маъруза тингланди. Ўзбекистон турдош олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари, ёш олимлар, докторантлар ва мустақил изланувчилар билан бир қаторда Россия Федерацияси, Буюк Британия, Озарбайжон, Франция, Америка, Эрон, Афғонистон,Испания, Малайзия, Таиланд, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби бир қатор хорижий давлатлардан ҳам таниқли олимлар онлайн тарзда иштирок этиб, Камолиддин Беҳзод ижоди, унинг дунё санъатида тутган ўрни тўғрисида маърузалар қилишди.
Анжуманда Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши, жаҳон маданияти ва санъатида тутган ўрни, буюк мусаввир ворислари, хаттотлик ва китобот санъати, Камолиддин Беҳзод ижодининг замонавий тасвирий санъатдаги ўрни ва аҳамияти каби масалалар ҳақида сўз борди.
Камолиддин Беҳзод номини абадийлаштириш, унинг бой ижодий меросини халқимизга тўлиқ етказиш, ёш авлодни халқимиз маданияти тарихи билан ғурурланиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга зарур шарт-шароит яратиш ҳамда миллий миниатюра мактаби анъаналарини давом эттириш бугунги глобаллашув шароитида муҳим аҳамият касб этади.

Мусаввир нафақат ўзбек ва Шарқ халқлари маданияти тарихида ўчмас из қолдирган, балки у жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг ажойиб қимматбаҳо дурдоналари билан бойитган, бутун дунё цивилизацияси тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткордир. У, хусусан, ўзбек миллий тасвирий санъати миниатюра мактабининг йирик намояндаси ҳамдир.
Камолиддин Беҳзод, унинг шогирдлари ва издошларининг ижодини янада оммалаштириш, шунингдек, мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларда ривожланаётган замонавий миниатюра, хаттотлик ва наққошлик мактаблари намуналарини намойиш этиш, соҳага оид илмий-тадқиқотлар билан кенг жамоатчиликни таништириш бугуннинг долзарб аҳамиятга эга масалаларидан ҳисобланади. Жаҳон санъат аҳли томонидан "Мусаввирлар пешвоси" сифатида тан олингани Камолиддин Беҳзод ўзидан олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч ким унинг даражасида ижод қила олмаслигини аллақачон исботлаб кетган.
Халқаро анжуманда Беҳзод мероси йиллар, асрлар оша катта қизиқиш ва эътибор билан ўрганилиши алоҳида таъкидланди. Бу борада ижодий ташкилотлар, олий таълим даргоҳлари, музей ва галереялар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.