Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк математик ва мутафаккир номидаги мактаб очилди
15:40 / 2025-09-02

Бухоро шаҳрида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, барча шароитларга эга Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиали ўз фаолиятини бошлади.

Мактаб учун 38,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 504 ўринли ўқув биноси, 222 ўринли ётоқхона, 250 ўринли ошхона, 250 ўринли фаоллар ва спорт зали барпо этилди. Физика, кимё, биология ва робототехника каби йўналишлар бўйича замонавий лабораториялар ҳам тўлиқ жиҳозланди.

Ушбу маскан нафақат замонавий билим берувчи муассаса, балки буюк математик ва мутафаккир аждодимиз Ал-Хоразмийнинг илмий меросини ёш авлод қалби ва онгига сингдирувчи маънавий даргоҳга айланади.

Тантанал очилиш тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, мутасадди ташкилот раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг ўқувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида мазкур мактабнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

[gallery-25126]

Шунингдек, барча ўқувчиларни ва устозларни янги мактаб, янги ўқув йили ҳамда Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан табриклади.

Шундан сўнг, “Биринчи қўнғироқ” садолари остида мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Меҳмонлар ушбу даргоҳда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.