Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов комбинатда фаолият юритиб келаётган ёшлар билан учрашди. “Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган тадбирда А.Хурсанов юртимизда ёшлар сиёсати асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар,яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.
– Президентимиз раислигида 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, – дейди А.Хурсанов. –Тадбирда бугунги мураккаб вазиятда барча давлатлар ички ресурсларга таяниб, инновацияга интилаётгани қайд этилди. Техника олийгоҳларида йўналиш ва мутахассисликларни ишлаб чиқарувчилар талабларига мос равишда ўзгартириш зарурлиги, “таннарх муҳандислиги” (кост инжиниринг), ёки, “қиёслаш муҳандислиги” “Қайта муҳандислик” (реверсив инжиниринг) каби йўналишдарда кадрлар етиштириш, ёш мутахассисларга илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шароит яратиш, муҳандислик олий мактабларини барпо этиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб бериладиган бўлди. Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарда кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди.
– Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эътиборлиси, бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бир қатор ишлар амалга оширилган. Комбинатда ёшлар сиёсатини олиб бориш, кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш доимо эътиборда. Жумладан, ёшларнинг малакасини доимий ошириш ва раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида “Муҳандислар мактаби” барпо этилди. Бундан ташқари, комбинат ҳозирда Германиянинг Фрайберг кончилик академияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айни пайтда комбинатнинг икки нафар ёш мутахассиси докторантура босқичида таълим олмоқда. Шунингдек, икки нафар ёш мутахассис ҳам Япониянинг Акита университетида докторантура босқичида таълим олмоқда. Шу йўналишдаги ишларни давом эттириб комбинатнинг иқтидорли ёшларини Германия ва Хитойнинг етакчи олий даргоҳларида ўқитишни режалаштирганмиз.
Тадбирда комбинатда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари самарадорлигини янада оширишда иқтидорли, ҳар томонлама етук ёшларнинг ўрни борлиги таъкидланди. Айниқса, дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилишда хорижий тилларни билиш зарурлиги айтиб ўтилди. Учрашувда комбинат ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Таклиф ва ғояларини билдирди.
Мис бойитиш фабрикаси музейининг очилиши тадбир иштирокчилари, айниқса ёшларга жуда манзур бўлди. Музейдан фабрикадаги технологик ишлаб чиқариш жараёни акс этган макет, ўтган даврда фабрикада меҳнат қилган раҳбарлар ва фахрийлар, эришилган ютуқлар ҳақида маълумотлар ўрин олган.
Учрашувда “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган турли танлов ва мусобақалар ғолибларига диплом, қимматбаҳо совғалар, фаол ёшларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.
– Комбинатда ёшларга барча шароитлар яратилган. “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ёшлар иттифоқи раиси Жонибек Алижонов. – Ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича касб маҳорат танловлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, комбинатда “Ёш олимлар” кенгаши ҳам ташкил этилиб, кенгаш иқтидорли ёшларни ўз ғоя ва таклифларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишларига кўмак беради. Хорижий тилларни ўрганиш истагида бўлган ёшларга ҳам немис ва инглиз тилини ўргатиш бўйича курслар ташкил этилган. Яна бир муҳим жиҳат 40 мингдан зиёд қурилиш бўйича атамалардан иборат тўпламнинг электрон платформасини яратамиз. Ушбу қўлланма ёшларга фойдали бўлади.
Маълумот учун: бугунги кунда комбинатда ёшлар 10 871 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 2902 нафарини аёллар, 1432 нафари олий маълумотлидир. Раҳбар ва муҳандис техник ходимлар сони 600 нафардан ортиқ.
ОКМК ахборот хизмати