Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази тарихимизни дунёга танитади
10:58 / 2022-08-28

Маълумки, Самарқанд шаҳри жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга бўлган шаҳар ҳисобланади. Шунингдек, айнан ушбу шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожланиб, дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшишишда муҳим роль ўйнаган.

Яқинда Самарқанднинг янги қиёфасини белгилаб берадиган яна бир муҳташам мажмуа – «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган учинчи Ренессанс пойдеворида ўзига хос ўринга эга бўлади.

Қарийб тўрт йил мобайнида 212 гектар майдонда қад ростлаган улкан мажмуа мамлакатимизнинг малакали қурувчилари ҳамда Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари иштирокида қуриб битказилди. Бу ерда 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва мамлакатимизнинг буюк тарихини акс эттирувчи кўплаб бошқа иншоотлар қад ростлаган.

Мажмуа нафақат қурилиши, шу билан бирга, «Буюк ипак йўли» деб номланиши билан ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Сабаби, қадимдан Самарқанд шаҳри Буюк ипак йўли орқали савдо қилувчи савдогарлар карвонлари тўхтаб дам оладиган, дунё цивилизацияси тўқнашган карвонсаройларга эга шаҳар бўлган. Шу боис, бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Масалан, «Боқий шаҳар» мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

Шунингдек, ташриф буюрувчи сайёҳлар ўзларини тўлақонли тарих манзилларида ҳис қилишлари учун қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандлик устахонаси ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади. Бу эса нафақат мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳларни бой маънавий тарихимиз билан таништириш, балки уларнинг харидлари орқали дунё бўйлаб тарихимизни тараннум этиши имконини яратиб беради.

Бу Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш борасида белгиланган улкан мақсадларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Хусусан, янги туризм маркази келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллиондан оширишда муҳим ўрин тутади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказиш мақсад қилинган. Бу каби яратилган имкониятлар эса, нафақат туристлар сонини ошириш, шу билан бирга, Туризм, транспорт, ахборот-коммуникация, жумладан, дастурий таъминотлар ва бошқа хизматлар экспортини 1,7 бараварга ошириш ёки 4,3 миллиард АҚШ долларига етказиш ҳамда 500 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Мажуманинг очилиш маросимида «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳовлисидаги амфитеатрда ташкил этилган байрам шукуҳи минглаб юртдошларимиз билан биргаликда хорижлик дипломатик корпус вакиллари ҳамда сайёҳларни ҳам ўзига ром этди.

Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд заминида бунёд этилган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази 2022 йилда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви, келгуси йилда эса, Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси каби нуфузли халқаро тадбирларда мамлакатимиз бой тарихи ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этиш имконини беради.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати