Шинжон-Уйғур автоном райони тарихи Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Шарқни ғарб билан боғловчи савдо йўли туфайли минтақада маданият янада ривожланди.
2024 йилда Шинжон ҳукумати сайёҳлик соҳаларида бир қатор инфратузилма лойиҳаларини бошлади, маҳаллий туризм ресурсларини ривожлантиришда иштирок этиш учун йирик корхоналарни жалб қилиш мақсадида трансчегаравий туризм ва халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорлик зоналари учун тажриба зоналарини яратди.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан Шинжон-Уйғур автоном районига ташриф буюрган ўзбекистонлик журналист ва олимлар «минтақа юраги» деб аталадиган Қашқар шаҳрига ҳам борди. Қашқарда маҳаллий аҳоли ўз урф-одатлари ва анъаналарини асраб қолган ва шаҳар кўчалари ҳали ҳам ўз тарихини сақлаб келмоқда.
Қашқар шаҳри Тарим водийсининг энг ғарбий қисмида худди шу номдаги воҳада жойлашган. У учта дарёдан сув ичади. Шаҳар деярли ҳар томондан тоғлар билан ўралган, шимолда Тянь-Шань, жанубда Кунлун ва шарқда Такламакан чўли чўзилган. Иқлими нисбатан қуруқ, аммо шунга қарамай, Қашқар воҳаси Шинжондаги энг серҳосил жойлардан бири ҳисобланади. Бу ердаги тупроқ жуда унумдор ва серҳосил бўлиб, нафақат дон, балки пахта, шунингдек, турли мевалар ҳам етиштирилади. Бугунги кунда Қашқар аҳолиси 570 мингдан ортиқ кишини ташкил этади.
Ўрта асрларда Қашқар буюк Ипак йўлидаги энг муҳим савдо нуқтаси бўлиб, у ердан карвонлар ғарбга (Фарғона водийсига), жанубга (Кашмирга), жануби-шарққа (Хотан ва Керияга) ва шимоли-шарққа (Турфанга) борган. Қашқарга ташриф буюрган биринчи европалик Maрко Поло (1273) бўлиб, у шаҳарда черковлар мавжудлигини таъкидлаган.
Қашқар Шинжоннинг маданий пойтахти. Шаҳарнинг ҳар бир бурчаги, ҳар бир кўчаси тарихга бой. Шинжоннинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ, Қашқар анъанавий мусулмон меъморчилиги ва диний ёдгорликларнинг кўплиги билан ажралиб туради. Бу ерга таниқли философ Юсуф Хос Хожиб дафн қилинган. Унинг қабри Эски шаҳар қисмида.
Қашқарнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бу, Марказий Осиёдаги энг йирик масжидлардан бири бўлган Ийдгоҳ Жомеъ масжидидир. Бу ерда жума кунлари 10 мингга яқин киши намоз ўқийди. Ийдгоҳ масжиди Хитой мусулмонлари учун ўзига хос зиёратгоҳ ҳисобланади. Хитойдаги энг йирик масжид бўлмиш Ийдгоҳ обидаси Марказий Осиё меъморчилиги услубида 1442 йилда қурилган(аммо пойдеворнинг ёши анча катта экани айтилади). Кейинчалик у кенгайтирилди ва қайта қурилди. Қашғарнинг Марказий майдонида жойлашган масжид – умумий майдони 1,6 гектар бўлган ансамблнинг бир қисми саналади.
Бир нарсани таъкидлашни истардим, у ҳам бўлса, Хитойдаги мусулмон масжидлари боғлари билан ажралиб туради. Бир неча асрлар давомида боғбонлар бу ерда энг ноёб, энг чиройли ва хушбўй ўсимликлар ва дарахтларнинг тўпламларини тўплашди. Ҳовли устунлар билан портикос билан ўралган, у ерда иссиқдан сақланиш мумкин бўлади. Намозхонага кириш эшиги олдида ҳовуз бўлиб, унинг сувларидан одамлар тетикланадилар. Maсжид шундай қурилганки, унинг залида шабада эсиб, бу ерга ибодат қилиш учун келганлар учун қулайлик яратади.
Масжиддан чиқиб, сиз дўконларга дуч келасиз: матолар, гиламлар, кулолчилик, мис кўзалар ва чинни вазалар, торли ва пуфлама асбоблар, кийим-кечак, зираворлар, чой, ширинликлар – бу ерда ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин.
Қашқар Буюк ипак йўли сингари қадимий бўлиб, шаҳар бой тарихга эга. Шаҳарнинг тарихий бинолари Буюк ипак йўли карвонлари бу ерда қандай дам олгани ва яшаганлигини кўрсатиб беради. Бир неча асрлар давомида биноларнинг услуби деярли ўзгармаган. 8-аср меҳмонхонасини 14-асрда қурилганидан ажратиш осон эмас. Бу ноёб архитектура бўлиб, унда Хитой уйларига хос бўлган декоратив хусусиятлар ҳам бор.
Эски шаҳар одатда уйғурлар истиқомат қиладиган маҳаллалардан иборат. Бу ердаги уйлар паст – 2-3 қават бўлиб, кўпинча ҳовли билан ажралиб туради. Одатда биринчи қаватда ҳар доим дўкон ёки устахона бўлади. Кўчалар тор, шунинг учун уйларнинг деворлари бир-бирига ва ўткинчиларга соя солади. Майдонлардаги қадимий дарахтлар остида кекса одамлар дам олади, қушларнинг хонишини тинглайди, чой ичади ва шахмат, домино ўйнайдилар. Барча тарихий ва диққатга сазовор жойлар Эски шаҳарда жойлашган.
Қашқар ўлкашунослик музейи 1992 йилда ташкил этилган. Асосий кўргазма – «Шинжондаги Ипак йўли ва тарихий ёдгорликлар». Буюк ипак йўли тарихи ва унинг меросини кўрсатиш учун бу ерда турли даврларга оид тарихий асарлар ва бошқа кўп нарсалар тўпланган.
Навбатдаги манзил Янгисар уездида жойлашган Дорбозлар мактаби бўлди. Йигит-қизларнинг дор ўйинлари Ўзбекистон делегацияси аъзоларида катта таассурот уйғотди. Томошаларни кўриб бирга ҳаяжонландик, бирга завқландик. Уларнинг ишларига омадлар тиладик.
Қашқарга ташриф буюрганингизда, албатта, шаҳар яқинида жойлашган Янгисар уездидаги кулолчилар ва пичоқсозлар қишлоқларига боришни унутманг. Бизларни Қашғарнинг энг яхши ҳунармандлари минг йиллар давомида ўзларининг ноёб асарларини яратиб келаётган қишлоқларга ҳам олиб боришди. Бугунги кунда кулолчилар ва пичоқсозлар қишлоқларида бир неча минг аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти анъанавий ҳунармандчилик билан шуғулланади. Бу қишлоқларга ҳар йили минглаб сайёҳлар ҳунармандларнинг иш жараёнини кузатиш учун келишади. Бир неча авлод вакиллари юз йиллар давомида ўз уйларида яшаб келмоқдалар. Устахоналар ва дўконлар шу ерда. Сиз қуйма қилиш учун металлни қандай қиздирилаётганини, қандай қилиб болғалар зарби қизиган темирни юмалоқлашини кўришингиз мумкин. Бу ерда пичоқлар, қирғичлар ва ханжарлар зарб қилинган ва улар учун қинлар қилинган. Кулолчилик устахонасида кулол оёғи билан доирани айлантиради ва лой бўлаги тебраниб, гўзал идишга айланади. Ҳунармандлар шафтоли ва ўрик ёғочидан ноёб жиҳозлар ясашларига гувоҳ бўлдик. Қишлоқ кўчаларидаги ариқларда сувлар оқишини кўриш ҳам кишига завқ бағишлайди. Ҳатто кун жазирамасида ҳам маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар чойхоналар ва ресторанлар атрофидаги ҳовузлар устидаги сўриларда ўтиришади.
Ҳунармандларнинг бу маҳалласи уйғур халқининг маданияти ва турмуш тарзи билан танишиш учун энг яхши жой.
Шинжон мевалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги товарлари, хусусан узум, қовун, нок, пахта, буғдой, ипак, ёнғоқ ва қўйлар билан машҳур. Шинжонда Хитойнинг 90 фоизи, дунёнинг 20 фоиз пахта ҳосили етиштирилади. Пахтанинг 80 фоиздан ортиғи машиналар томонидан йиғиб олинади. 2022 йилда Шинжонда пахта экин майдони қарийб 2,5 миллион гектарни ташкил этди, минтақада 6,3 мингдан ортиқ пахта йиғим-терим ускуналари мавжуд. Белгиланган дастур сўнггида ўзбекистонлик меҳмонлар Кўҳнашаҳар (Шуфу) уезди пахтазорларида ҳам бўлиб, пахтакорлар фаолияти билан танишди.
Энг сўнгги манзил Кўҳнашаҳар (Шуфу) уездиги Миллий мусиқа асбоблари музейи бўлди. Музейда миллий мусиқа асбоблари сақланади. Шунингдек, катталиги бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган тор, дутор, танбур, рубоб, доира каби мусиқа асбобларини кўришингиз мумкин.
Бу ерда халқ чолғу асбоблари ижросида мусиқа тинглаш ва қўшиқ эшитиш имконияти бор. Илтимосимизга биноан санъаткорлар «Гулойим» қўшиғини куйлаб беришди.
Шу билан Шинжон-Уйғур автоном районига қилинган етти кунлик сафаримиз ниҳоясига етди. Сафардан чиқарган хулосам шу бўлдики, минтақанинг шаҳар ва қишлоқларида одамларнинг ўзлари озодаликка катта эътибор қаратишар экан. Бирор жойда чиқинди ёки ахлат қолдиқлари кўзга ташланмайди. Урумчи, Ғулжа, Қашқар йўллари текис, равон. Кўчалари топ-тоза. Шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам бакалашкалар тугул, писта пўчоғини учратмайсиз. Хизмат кўрсатиш аъло даражада.
Ҳа, айтганча Қашқар кўчаларида тўй маросимларини, тўғрироғи, келин ва куёв тушган автомобиллар карвонини кўриб қолдик. Гул, гилам ва ленталар билан безатилган тўй карвонининг бошида кетаётган енгил машиналарнинг юкхонасида сурнай ва ноғорачилар ўтириб олиб миллий куйларни ижро қилиб кетар экан. Бу жараён ҳам бизга қизиқ туюлди.
Ҳа, айтганча, дастурда бўлмаса ҳам Хитой Халқ Республикаси асосчиси Мао Цзудин ҳайкали олдида суратга тушдик. Бу ҳам бир тарих.
Шарофиддин Тўлаганов.