English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси
13:56 / 2022-09-19

Самарқанд шаҳридаги тарихий бинода шу номли экспозиция ташкил этилди.

Аввало, тарихий бино ҳақида тўхталсак. Мазкур бино 1899 йилда Самарқанддаги ҳозирги Университет хиёбонида Россия – Хитой банки филиали учун бунёд этилган. Ўша пайтдаги Самарқанд бинокорлик санъати учун янгилик бўлган мазкур иншоот икки қаватдан иборат, айвонли тўртбурчак шаклда бўлиб, Европа классик архитектурасига асосланган услубда қурилган. Салобатли бинога кириш қисмида Хитойнинг ўзига хос ҳимоя тимсоли бўлган иккита “Фу” шерсимон итлари ҳайкалчалари қўйилган.

Банкнинг Самарқанд филиали кредит бериш ва векселларни ҳисобга олишда рентабеллик даражаси бўйича Хитойнинг Шанхай банкидан кейинги иккинчи ўринда бўлган. Ўша даврда Самарқанддаги ушбу банкдан сўнг учинчи ўринни Париж банки эгаллаган.

Инқилобдан кейин мазкур бинода турли  уюшмалар ва ташкилотлар фаолият юритади. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида эса бу ерда шаҳар касалхонаси, шаҳар ижроия қўмитаси ва зиёлилар уйи жойлашган. 2000 йилдан бино Самарқанд давлат университети ихтиёрига ўтади.

ШҲТ Самарқанд саммитига тайёргарлик доирасида мазкур бинода реконструкция ишлари амалга оширилди. Иншоот атрофи обод қилинди. Нуфузли тадбир олдидан ташкил этилган “Буюк Ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси” экспозициясида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари билан ипакнинг асл ватани бўлган Хитой ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни акс эттиришга эътибор қаратилган.

– Бинога киришингиз билан Хитой файласуфи Конфуций ва улуғ ўзбек мутафаккири Алишер Навоийнинг ҳикматли сўзларига гувоҳ бўласиз, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бўлим бошлиғи Сафура Рўзимуродова. – Ҳар иккала алломаларнинг доно фикрлари, ҳикматли сўзлари халқларимиз тарихий донишмандлигининг рамзий ифодаси ҳисобланади. 

Экспозициядаги биринчи зал Хитой ва Ўзбекистон табиий манзаралари деб номланган бўлиб, ипак матолари асосида турли буюмлар инсталляция воситасида яратилган. Шунингдек, Афросиёб деворий суратлари асосида анимацион лавҳалар тайёрланган. Бундан ташқари, экспонатлар орасида археологик топилмалар ва исломгача бўлган даврдаги Хитой маданиятини акс эттирувчи ашёлар мавжуд. 

Иккинчи залдан турли тарихий даврларда Хитой чинниси таъсирида яратилган ўзбек кулолчилик маҳсулотлари ўрин олган. Кўргазманинг марказий экспозицияси унумдорлик ва бойлик рамзи бўлган тут дарахтидан иборат. Бу ерда ипакнинг келиб чиқиши ҳақидаги афсона ва пилла тарихи билан танишиш мумкин. Анъаналар тасвирланган залда меҳмонлар тўқув дастгоҳи ёрдамида ипак гиламни қўлда ишлаб чиқариш жараёни билан визуал тарзда танишишлари мумкин.

Кўргазмада таниқли рассом Санжар Жабборовнинг Буюк ипак йўли мавзусига бағишланган расмлари намойиш этилган. Экспозициянинг энг муҳим қисми — Самарқандга кетаётган қайиқда хитойлик маликанинг тасвири асос қилиб олинган намойиш ҳисобланади. Бу композиция VII асрга оид бўлиб, хизматкор ва соқчилар ҳамроҳлигида қайиқда сузиб кетаётган хитойлик малика тасвирланган. Ушбу манзара Афросиёб деворий сурати парчасининг нусхаси ҳисобланади.

ШҲТ саммити кунлари мазкур кўргазма меҳмонлар ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўлди.
 

Ғ.ҲАСАНОВ, 
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА