Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Буюк ипак йўли” ғояси тарғиботчилари тақдирланди
20:33 / 2024-10-22

Икки минг йилдан ошибдики, Буюк ипак йўли ғояси ҳамон давлатлараро муносабатнинг муҳим жиҳати бўлиб, ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

2014 йилда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ташаббуси билан Буюк ипак йўлининг замонавий шакли “Бир макон, бир йўл”га асос солинди. Ўзбекистон уни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Кейинчалик икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабати энг олий даража – стратегик ҳамкорлик мақомини олди. Шунда сиёсий, иқтисодий муносабатлар ижтимоий, маданий муносабатлар билан давом этди. Жумладан, журналистикада Хитой, хитойшунослик мавзуси кенг қулоч ёйди. Ўзбекистон журналистлари чин юртини кезиб таҳлилий, саёхатнома жанрлардаги мақолалар ёздилар. Хитойлик ҳамкасблари эса Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида дунёнинг энг катта медиамайдонида ахборот тарқата бошладилар.

2016 йилдан буён Хитой медиакорпорацияси (Давлат телерадиокорпорацияси) ва Пекин шаҳри халқ ҳукуматининг Матбуот концелярияси ҳамкорликда Буюк ипак йўли ғоясининг энг фаол тарғиботчиси бўлган ўн нафар хорижий журналистларни тақдирлаб келади. Бу йил ҳам анъанани давом эттириб, Пекинга дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларидан келган журналистлари ичидан ўн нафарини “Буюк ипак йўлининг танилган медиа-арбоби” деб эълон қилишди ва тегишли сертификат ҳамда мукофотлар тақдим этилди. Улар орасида Бразилия, Туркия, Россия, АҚШ, Малайзия, Албания каби Осиё, Европа, Африка ва Америка қитъаси мамлакатлари вакиллари бор эди. Ўзбекистон Миллий ахборот Агентлиги мухбири Муҳаммаджон Обидов ҳам шундай мукофот билан тақдирланди.

Тантанада мукофотларни топширар экан, Хитой пресс-канцелярияси раисининг ўринбосари Фан Ценьцин, Пекин шаҳри компартияси пропоганда бўлими раҳбари Юшин Шин ҳар бир номзоднинг Буюк ипак йўли ғоясини тараннум этувчи мақола, телекўрсатув, радиоэшиттириш, ҳужжатли фильмлари халқлар дўстлиги, давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса деб атади.

Шунингдек, тақдирланган журналистлар номлари “Буюк ипак йўли” фахрий китобидан жой олиши таъкидланди. 

ЎзА