French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги маданий мулоқот: Ўзбек заминидаги хитойликлар
08:16 / 2026-02-10

Ўзбекистон ҳудуди азалдан турли цивилизациялар туташган, ғарб ва шарқ маданиятлари ўзаро бойиган марказ сифатида жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутади. Буюк Ипак йўлининг асосий тармоқлари кесишган ушбу минтақада халқлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар минг йиллар давомида шаклланган. Тарихий манбалар ва археологик тадқиқотлар шундан далолат берадики, Хитой ва Турон минтақаси ўртасидаги муносабатлар чуқур илдизларга эга бўлиб, бу алоқалар нафақат савдо карвонлари, балки илм-фан, ҳунармандчилик ва дипломатия соҳаларини ҳам қамраб олган. Хитойлик савдогарлар ва элчиларнинг Бақтрия ҳамда Сўғд ҳудудларига ташрифи, ипакчилик маданиятининг ёйилиши ва қуролсозлик сирларининг алмашинуви қадимги даврлардаёқ минтақавий интеграция жараёнлари мавжуд бўлганини кўрсатади.

Икки халқ ўртасидаги маданий алмашинув жараёнида милодий 751 йилда Талас дарёси бўйида юз берган тарихий воқеа алоҳида аҳамият касб этади. Араб қўшинлари ва Хитой саркардаси Гао Сян-Чжи бошчилигидаги армия ўртасидаги тўқнашув натижасида кўплаб хитойликлар, жумладан, моҳир ҳунармандлар Мовароуннаҳр ҳудудига келиб қолган эди. Самарқандга жойлаштирилган ушбу усталар маҳаллий аҳолига қоғоз ишлаб чиқаришнинг ноёб технологиясини ўргатдилар. Эътиборли жиҳати шундаки, Самарқанд қоғози хитойликларнинг анъанавий усулидан фарқли ўлароқ, маҳаллий хом ашё – пахта толасидан тайёрланган бўлиб, бу кашфиёт кейинчалик бутун мусулмон шарқи ва Европа илм-фани ривожига беқиёс таъсир кўрсатди. Сомонийлар даврида Бухоро ҳукмдори саройига хитойлик рассомлар томонидан туҳфа қилинган тасвирий санъат намуналари маҳаллий миниатюра мактабининг шаклланишига туртки бергани ҳам маданий мулоқотнинг узвийлигини тасдиқлайди.

Темурийлар сулоласининг гуллаб-яшнаган даврида Хитой билан муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Тарихий ҳужжатларда қайд этилишича, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг шарқий дарвозалари рамзий маънода “Хитой дарвозаси” деб аталган. Мирзо Улуғбекнинг расадхонаси яқинидаги боғда “чиғотой услуби”да барпо этилган махсус павильон ҳамда Шоҳи Зинда мажмуасидаги саккиз қиррали ёдгорлик хитойлик меъморлар ва маҳаллий усталар ҳамкорлигининг маҳсули сифатида тарихдан сўзлайди. Гарчи 1404 йилда Амир Темур ҳузурига келган Хитой элчилари сиёсий вазият туфайли совуққонлик билан қабул қилинган бўлса-да, кейинги даврларда элчилик алоқалари мунтазам тус олган. 

XIX аср охири ва XX аср бошларига келиб, Ўзбекистон ҳудудидаги хитой диаспорасининг ижтимоий таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Бир томондан, Тошкент, Самарқанд ва Қўқон каби йирик шаҳарларда Рус-Хитой банкининг бўлимлари очилиб, молиявий элита вакиллари фаолият юритган бўлса, иккинчи томондан, Фарғона водийси ва Сирдарё вилоятида оддий меҳнаткашлар қатлами шаклланди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, XX асрнинг бошларида  Самарқанддаги мусулмон отлиқ дивизиони таркибида жанг қилган Пау-ти-сан, Лю Фа-Ля каби жангчиларнинг исмлари тарих саҳифаларида қолган. 1919 йилда 400 нафар хитойлик ўз ватанига қайтарилган бўлса-да, муайян қисми турли сабабларга кўра Ўзбекистонда қолиб, маҳаллий жамиятга сингиб кетди.

Замонавий Ўзбекистондаги хитой диаспорасининг шаклланишини шартли равишда учта тарихий босқичга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ – 1920–1930 йилларда чегаралар ёпилиши сабабли ватанга қайта олмаган собиқ аскарлар, талабалар ва савдогарлардан иборат эди. Тошкент вилоятида ташкил этилган “III Интернационал” жамоа хўжалиги уларнинг ихчам яшаш манзилига айланди. 1937 йилги сиёсий қатағонлар бу жамоага ҳам ўз таъсирини ўтказди, аммо омон қолганлар ўзбек заминини ўзларига иккинчи ватан деб билдилар. Иккинчи тўлқин 1960-йилларга тўғри келиб, асосан қишлоқ хўжалиги мутахассислари ва табибларни қамраб олди. Учинчи гуруҳ эса мустақиллик йилларида ташриф буюрган ишбилармон ва тадбиркорлардан таркиб топган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган хитойликлар ўзларининг миллий қадриятларини сақлаб қолган ҳолда, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ҳаёт кечирмоқдалар. Гарчи аввалги авлод вакиллари маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетган бўлса-да, “Чунцзе” (Ой тақвими бўйича Янги йил) байрамини нишонлаш, дафн маросимларидаги ўзига хос удумлар ва хонадонларда “кан” деб аталувчи махсус иситиш тизимидан фойдаланиш каби анъаналар сақланиб қолган. Бу тарихий жараёнлар Ўзбекистоннинг азалдан бағрикенглик ва дўстлик диёри бўлиб келганини, турли миллат ва элат вакиллари бу заминда тинч-тотув, аҳил яшаб келаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Тарих чархпалаги қандай айланмасин, халқлар ўртасидаги инсонийлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари ўзгармас қадрият бўлиб қолмоқда.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА