Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк инсонлар илм ўрганган даргоҳ 120 ёшда
15:18 / 2019-12-30

Инсон тирик экан, ҳамиша изланишда ва ҳаракатда бўлади.


Инсон тирик экан, ҳамиша изланишда ва ҳаракатда бўлади. Ҳар қандай одамнинг дунёқарашини шакллантиришга, аввало, устозлар ўгити ёрдам берса, ҳаётда муносиб ўрин топишига китоблар ёрдам беради. Айниқса, ёшларимизнинг олам ҳақидаги тасаввурлари ҳам, катталарнинг касбий малакасини ошириш ҳам китоб билан боғлиқ.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида мазкур йўналишда катта тажриба мактаби бор.

2222.PNG

120 йил ичида бу ерга не-не инсонлар қадами етмаган. Яна кўпчилик бу жойни ўз тақдири билан боғлаган. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Охунжон Ҳакимов, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, Энахон Сиддиқова, Маҳмуд Тойир каби ўнлаб Ўзбекистон халқ шоирлари, Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуров, Худойберди Тўхтабоев, Аҳмаджон Мелибоев сингари забардаст ёзувчиларнинг қутлуғ қадамлари кўп теккан даргоҳ бу.

Маърифат масканининг қутлуғ тантанасига бағишлаб ўтказилган тадбирда олимлар, таниқли ижодкорлар, китобсевар ёшлар иштирок этди. Тадбир доирасида “Китоб, китобхонлик, кутубхона – маърифатнинг уч илдизи” номли илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда “Кутубхона – жамият кўзгуси”, “Китоб – бадиий ва илмий интеллект”, “Архив фаолиятида кутубхоналар аҳамияти”, “Кутубхоначиликда замонавий тарғибот шакллари” мавзуларида маърузалар тингланди. Кутубхона тарихига оид фильм намойиш этилди.

Аҳмад Фарғоний номидаги ахборот-кутубхона маркази фонди қарийб 350 мингдан ошди. Айни пайтда Туркия, АҚШ, Германия ва Россиядаги дунёга машҳур кутубхона муассасалари билан маърифий ҳамкорлик алоқалари, ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилган. Кутубхона нафақат бадиий ва илмий, балки тарихий, луғавий, соҳавий ва нодир адабиётларнинг кўплиги билан мамлакатимизда етакчилик қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг ҳамкорликдаги ишлари ўз самарасини кўрсатмоқда. 

3333.PNG

Мазкур масканда кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда ўқув залларини замонавий мебель жиҳозлари ва коммуникация воситалари билан таъминлаш амалга оширилиб, китобхонлар ва меҳнат жамоаси учун зарур шароитлар яхшиланди. Бугун 70 нафардан ортиқ ходим ишлайдиган ушбу зиё мажмуаси йилига 20 минг нафарга яқин китобхонга хизмат қиляпти. Жамоада энг изланувчан ва фаол кутубхоначи-мутахассислар бирлашган.

– Шу ўринда бир кичик янгиликни етказсак, – дейди Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов. – Академик Азизхон ва Лазизхон Қаюмовларнинг шахсий кутубхоналаридаги асарлари, улар фойдаланган китоблар вилоят кутубхонасига олиб келинди. Академик олимлар шарафига бағишлаб алоҳида жой ажратилиб, доимий кўргазма ташкил этилди. Беназир миллий маънавий мерос ичида Ғафур Ғуломдан тортиб Ўткир Ҳошимовгача бўлган буюк шоир ва ёзувчиларнинг ўз дастхатлари туширилган китоблар бор. 

4444.PNG