Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк ибрат намунаси
11:13 / 2021-05-11

Мард ва олижаноб халқимиз кўп минг йиллик тарихи мобайнида турли даврларни бошидан ўтказди. Инсониятни ёруғликка олиб чиқувчи тараққиёт пиллапояларига қадам қўйди, адолатсизлик ва ёвузликка қарши курашларда оламшумул зафарлар қозонди.

Ана шу ғалабалар ва эришилган ютуқлар халқ даҳосига қўйилган улуғ бир ҳайкал бўлди. Ёзма ёдгорликларда, тарихий обидаларда ва бошқа кўплаб ашёларда бўй кўрсатиб турган бой тарихимиз буюк бир ибрат ўлароқ, бугунги авлодни янги марралар сари чорлайди. Улар қалбида фахр ва ғурур туйғусини уйғотиш билан бирга, юксак масъулият пайдо қилади.

Инсоният тарихига қора доғ бўлиб тушган Иккинчи жаҳон уруши, афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Гарчи, қирғинбарот жанглар Ўзбекистон ҳудудида кечмаган бўлса-да, халқимиз қалбига мислсиз жароҳатлар солди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланади. Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этмоқда. “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиори остида бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган уруш ва фронт орти фахрийларига моддий ва маънавий ёрдам, чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда.

Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони уруш фахрийларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Фармонга мувофиқ, барча шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда уруш қатнашчилари ва ногиронларига давлатимиз раҳбари номидан 12 миллион сўм пул мукофоти, эсдалик совғалар тантанали равишда топширилди. Президент табриги ўқиб эшиттирилди. Пойтахтимизда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, “Турон” давлат ҳарбий театри санъаткорлари, ҳарбий оркестрлар иштирокида мусиқий фестиваль, уруш даври ҳарбий автомобилларининг марши ўтказилди. Мазкур маданий тадбирларда урушда ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотираси, уларнинг қаҳрамонликлари, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дамларда ҳам ўзлигини йўқотмаган юртдошларимиз мадҳ этилди.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида бедарак кетган уруш қатнашчилари, уларнинг жасорат ва қаҳрамонликлари ҳақида янги маълумотларни аниқлаш, илмий тадқиқотларни ҳамкорликда ўрганиш мақсадида “Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида Иккинчи жаҳон уруши: воқеалар, иштирокчилар ҳамда рамзлар” мавзусида онлайн шаклда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, АҚШ, Беларусь, Польша, Россия, Хитой каби давлатлар вакиллари иштирок этган конференцияда илмий тадқиқотлар натижасида ҳозиргача номаълум бўлган кўплаб қаҳрамонларнинг тақдирига ойдинлик киритилгани эътироф этилди.

Хотира – аждодларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодасидир. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” шиори остида Мудофаа вазирлиги томонидан фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, жанг майдонларида ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, бедарак кетганларни излаб топиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йил октябрь ойида Санкт-Петербургнинг “Линия фронта” қидирув отряди томонидан Ленинград вилояти Кировск тумани Молодцово қишлоғи яқинидаги қидирув ишлари натижасида бедарак кетган каттақўрғонлик Бобораҳим Абдуллаев номи тикланди. 1922 йилда туғилган Бобораҳим урушга 1941 йили сафарбар этилган. Ўзбек ўғлонининг хоки Ватанга келтирилди. Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида Бобораҳим Абдуллаев ўзи туғилиб ўсган қишлоқ қабристонига ҳурмат-эҳтиром билан қайта дафнэтилди. Жасур жангчининг буюмлари яқинларининг розилиги билан “Шон-шараф” давлат музейига топширилди.

Ўтган бир йил мобайнида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, "Шон-шараф" давлат музейи илмий ходимлари ҳамда олимлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Миллий архиви ва бошқа архивлардаги 2 мингга яқин йиғма жилд ўрганиб чиқилди. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушига тегишли маълумотлар жами 40 мингдан зиёд йиғма жилддан иборат экани аниқланди. Бугунги кунда музей фондида 12,5 мингга яқин экспонат бор. Иккинчи жаҳон урушида чин маънода бутун инсоният оёққа қалқди, қурол ушлашга мадори бор ёшу қари ҳурлик учун жанг майдонига чиқди. Ўзбек ўғлонлари ҳам ушбу беаёв урушнинг олд чизиқларида ҳаракат қилиб, сўнмас қаҳрамонликлар кўрсатди.

Аниқ фактларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистон аҳолиси 1941 йил 6 миллион 800 мингдан зиёд киши бўлган. 1 миллион 951 мингга яқин юртдошимиз урушга сафарбар этилган. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. 200 мингдан ортиқ уруш қатнашчилари жанг майдонларида кўрсатган жасорати ва мардлиги учун орден ва медалларга сазовор бўлган. Улардан 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 70 дан ортиғи “Слава” орденининг тўлиқ кавалерлари эди. Бундан ташқари, “Москва мудофааси учун” медали билан – 1 753, “Сталинград мудофааси учун” медали билан – 2 738, “Кавказ мудофааси учун” медали билан – 2 924, “Ленинград мудофааси учун” медали билан – 1 382, “Севастополь мудофааси учун” медали билан – 124, “Одесса мудофааси учун” медали билан – 84, “Будапештни озод қилганлиги учун” медали билан – 2 430, “Венани озод қилганлиги учун” медали билан – 2 000 юртдошимиз тақдирланган. Шунингдек, “Бельградни озод қилганлиги учун” медали билан 664, “Берлин олингани учун” медали билан 1 706, “Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медали билан 109 минг 208 ўзбекистонлик мукофотланди.

Бир неча минг юртдошимиз эса Италия, Англия, Франция, Югославия, Польша, Чехославакия, Венгрия каби мамлакатларнинг орден-медаллари билан тақдирланган. Урушда қатнашган юртдошларимизнинг 49 нафари генерал унвонига сазовор бўлган. Уларнинг 23 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон урушдан катта йўқотиш билан чиқди. Фронтга сафарбар қилинганларнинг 500 мингдан ортиғи ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиқ киши бедарак кетди. Урушдан қайтганларнинг 800 мингга яқини бир умр жароҳат билан яшаб ўтди. Оловли уруш йилларида бутун Ўзбекистон халқи “Ҳамма нарса – фронт учун”, “Ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ҳаётий эътиқод билан яшади. Мамлакатимиз фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Ўзбекистон халқи жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди.

Кўп миллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан республикамиздаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 167 та завод кўчириб келтирилди ва ғоят қисқа муддатда ишга туширилди. 485 мингдан ортиқ ярадор ва жароҳат олган уруш қатнашчилари юртимизда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволаниб, шифо топди. Шу йилларда Ўзбекистонга 90 дан ортиқ таълим муассасаси – академиялар, институтлар, илмий-тадқиқот марказлари, билим юртлари кўчирилди. Жанг майдонларида жон олиб, жон бераётган жангчилар учун миллион-миллион дона кийим-кечаклар, минглаб тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, самолётлар, авиабомбалар, танклар, миномётлар, снарядлар, ўқ-дори, қурол-аслаҳа ва бошқа зарур маҳсулотлар, ашёлар, ускуналар етказиб берилди.

Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 200 мингдан зиёд бола эвакуация қилинди. Халқимиз бу одамларнинг барчасига чинакам меҳр ва эътибор кўрсатди, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этди. Нуроний зотларга, суронли даврларни бошдан кечирган уруш ва меҳнат фронти фахрийларига назар ташлар эканмиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлаш янада муҳим эканини англаймиз.

Ўша олис ва суронли жанг майдонларида ҳам халқимизнинг буюклигини, жасорат ва мардлик қон-қонига сингиб кетганлигини исботлай олган, ўзбекнинг ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатган боболаримиз бугунги тинч-осойишта ва эркин ҳаётга осонликча эришилмаганини, оғир машаққатлар эвазига қўлга киритилганини таъкидлайди, бизни мудом огоҳ ва ҳушёр бўлишга даъват этиб, осойишта ҳаёт қадрига етиб яшашга чақиради.

Бинобарин, ўз мардлиги ва матонати билан инсоният тинчлигига беқиёс ҳисса қўшган юртдошларимизнинг жасоратли ҳаёт йўли буюк ибратдир.

 

Полковник Ҳамдам ҚАРШИЕВ,

мудофаа вазирининг тарбиявий ва

мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

 

ЎзА