Бухоро давлат педагогика институтида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан “Амир Темур – буюк давлат арбоби, саркарда, илм-фан ҳомийси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда улуғ аждодимиз сиймосига юксак эҳтиром кўрсатиш, Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутгани борасида сўз юритилди.
Соҳибқирон Амир Темур марказлаштирилган давлат барпо этиши, унинг жаҳон тарихида тутган ўрни, тарихий шарт-шароитлар бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки хорижий олимларнинг тадқиқот объектига айланиб улгурган. Юртимиз ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратилмоқда.
Амир Темурнинг шахсияти, унинг фан ва маданият соҳасига қўшган ҳиссаси, қўшин тузиш ва унинг жойлашуви билан боғлиқ жиҳатлари, давлат бошқарувидаги янгиликлари, жаҳон тарихида Амир Темурнинг тутган ўрни алоҳида эътироф этилди. Амир Темур илм-маърифат аҳлига ҳомийлик ва раҳнамолик қилган.

Амир Темур ва темурийлар даври ижтимоий-сиёсий жараёнлари, Соҳибқироннинг марказлашган давлат барпо этишгача бўлган даврдаги бошбошдоқликлар, ўзаро ҳокимият учун курашлар, Темурнинг давлатни иқтисодий юксалтиришга оид бўлган ислоҳотлари, савдо-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солиниши билан боғлиқ маълумотлар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Амир Темур даврида Ўрта Осиё меъморчилигида янги давр бошлангани, маҳобатли иншоотлар, мадраса ва масжидлар, саройлар барпо этилгани, бир неча давлат моҳир усталарининг бир жойга тўпланиши, маҳобатли иншоотлар давлатнинг қудратини кўрсатишда асосий омил эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, педагогика ва ижтимоий фанлар факультети тарих таълим йўналиши талабаларининг 4+2 амалиёт дастури олиб бориладиган Бухоро тумани 28-мактаб ўқувчилари билан ҳамкорликда тайёрланган саҳна кўринишлари ҳам томошабинларга тақдим этилди.

Тадбирда Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ҳақидаги китоблардан кўргазма ҳам уюштирилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири