Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британияда Рамазон ҳайити кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда
12:09 / 2024-04-10

Рамазон ҳайити мусулмонлар учун энг улуғ кун ҳисобланиб, бу айёмда улар бир-бирларига шодлик улашадилар, меҳр берадилар. Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин бу муборак сана кўтаринки кайфиятда ўтади. Кексалар, беморлар ҳолидан хабар оладилар. Бугун мамлакатимизда ана шу шодиёна кенг нишонланмоқда.

Эътиборли жиҳати, бу байрам Бирлашган Қиролликда ҳам ўзгача тайёргарлик ва кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтади. Буюк Британиянинг Лидс университети докторанти, “Эл юрт умиди” жамғармаси стипендиати Дурдона Каримова айни пайтда Рамазон ҳайити байрамини Бирлашган Қиролликда кутиб оляпти. У бугунги байрам ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

Буюк Британия Аҳолини рўйхатга олиш миллий агентлигининг 2023 йилги статистик маълумотига кўра, айни дамда Бирлашган Қиролликдаги мусулмонлар ялпи аҳолининг 6,5 фоизини яъни, 3,9 миллион кишини ташкил қилмоқда. Энг кўп мусулмон аҳолига эга бўлган 5 та йирик ҳудуд сифатида эса Бирмингем, Бредфорд, Лондоннинг Тауэр Хамлетс шаҳри, Манчестер ва Лондоннинг Ньюхем шаҳри эътироф этилади. Бундан кўриниб турибдики, дунёнинг бошқа давлатлари қаторида Буюк Бритинияда ҳам Рамазон ҳайити байрами юқори савияда кенг нишонланади.

Буюк Британиядаги мусулмонлар одатда кунни эрта уйғониш ва ҳайит намози учун маҳаллий масжидда ёки очиқ намозгоҳда йиғилишдан бошлашади. Ҳайит байрамини нишонлаётган оилалар байрамона кийиниб, уйларини безатиб, тонги нонуштадан бошлаб турли хил таомлар тайёрлаб, дастурхон безатадилар.

Ҳайит пайтида мусулмон жамиятига ташриф буюрсангиз, одамларнинг бир-бирларига “Eid Mubarak” деб тилак билдирганларини эшитасиз. Бу “Ҳайит муборак бўлсин!” деб таржима қилинади. Мазкур байрамни аҳоли оила даврасида, дўстлар ва қариндошлар билан бир дастурхон атрофида йиғилиб нишонлайдилар. Ийд-ул-Фитр Рамазон рўзаси тугашини билдирганлиги сабабли, «Iftar” байрами деб ҳам таржима қилинади. 

Буюк Британияда байрамнинг таркиби кўп жиҳатдан оиланинг маданий келиб чиқишига боғлиқ. Ийд ул-Фитр нонуштаси Жанубий ва Марказий Осиёда етиштириладиган хурмо ва хурмодан тайёрланадиган ширинликни ўз ичига олади. Шимолий Африка мамлакатларидан келган мусулмонлар орасида асосан таркиби сариёғ ва асалдан иборат бўлган Марокаш пудингини истеъмол қилишни яхши кўрадилар. Лапис легит - кўп қатламли торт бўлиб, Буюк Британия аҳолиси орасида машҳур байрам ширинлигидир. Шунингдек, Ҳиндистоннинг аччиқ гўшт ва гуручли таоми “Биряни” бу ерда айниқса машҳур. Aфғон жамияти аъзолари исмалоқ, картошка, қовоқ ёки ясмиқ билан тўлдирилган нон тайёрлайдилар ва масжидлар олдида номоздан чиққан аҳолига улашадилар. Aнглияда истиқомат қилувчи малайзияликлар мол гўштидан тайёрланган “Рендинг” номли таом билан сизни ҳайит дастурхонида меҳмон қилишлари мумкин. Aлбатта, ўзбек оилаларида миллий палов ва гўштли сомсаларимиздан баҳраманд бўлишингиз ўзига хосдир.

Aйни дамда, бутун Бирлашган Қироллик бўйлаб Рамазон ҳайити катта сайл сифатида нишонланмоқда. Жумладан, Глазго шаҳрининг “Queen’s” паркида 2024 йилги ҳайит байрами “Joy Events” директори Aли Салим томонидан кўтаринки кайфиятда ташкиллаштирилган. Мазкур тадбирда мусиқа, Осиё таомлари ва кўп маданиятли рақслар намойиш этилмоқда.

Ана шундай сайллардан яна бири 20 апрель куни Лондон шаҳрининг “Трафалгар” марказий хиёбонида нишонланиши режалаштирилган. Мазкур фестивалда бутун дунё ҳайит таомлари намойиш этилади. Подиум шоулари, хаттотлик, хина билан гул тасвири тушириш каби турли тадбирлар ўтказилади.

Шунингдек, бугун ҳайит байрами Aфғонистон ва Марказий Осиё ассоциацияси томонидан Лондоннинг Фелтем шаҳрида ҳам ташкил этилган. Ташриф буюрувчилар мазали таомлар, кўп йиллик анъаналар ва жонли маданиятдан баҳраманд бўлишади.

Агар ҳайитни катта тантаналар ва иштиёқ билан нишонламоқчи бўлсангиз, Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳридаги “Eid Bazar 2024”га боришингиз мумкин. Бу ерда сиз ҳайит учун ажойиб совғалар, турли хил кийим-кечак ва аксессуарлар, мазали таомлар таътиб кўриб, жамоат билан ҳайит байрамини бирга нишонлайсиз.

Мен таҳсил олаётган университетдаги Лидс Ислом маркази вa Лидс Гранд масжидида ҳайит байрами кенг нишонланмоқда. Жумладан, Лидс университети 15 апрель куни талабаларга ва уларнинг оилаларига ҳайит дастурхонини ташкил этиши кутилмоқда. Мазкур тадбирга оила аъзоларим билан таклиф қилинганмиз. 

Бугун мен ҳайит байрамини оилам билан Лидс шаҳрининг Роундҳай манзилида истиқомат қилувчи,асли келиб чиқиши бангладешлик бўлган Сйеда хоним оиласи билан бирга нишонлаяпман.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, юртимиздан олисда бўлсакда барча миллий байрамларимизни, маросим ва тадбирларни эътибор билан, кўнгилдагидек ўтказамиз. Бу эса бизга ва фарзандларимизга ўзлигимизни англаш, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат туйғусини юксалтиради. Мусулмонларнинг энг катта байрамларидан бири бўлган Рамазон ҳайити билан барча юртдошларимизни, бутун дунё мусулмонларини чин қалбимдан табриклайман. Байрам муборак бўлсин!

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова ёзиб олди.