Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британияда молиявий тежамкорлик учун 91 минг нафар давлат хизматчиси ишдан бўшатилади
18:14 / 2022-05-16

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон иқтисодий инқироз шароитида маблағларни самарали тақсимлаш учун мамлакатда давлат хизматчиларининг бешдан бирини қисқартирмоқчи, деб ёзмоқда Daily Mail нашри.

Нашрнинг ёзишича, Британия ҳукумати тахминан 91 минг кишини ишдан бўшатмоқчи. Ҳукумат шу йўл билан йилига 3,5 миллиард фунт стерлингни (4,3 миллиард доллар) тежаб қолмоқчи. 

«Биз ҳукуматнинг сарф-харажатларини қисқартиришимиз керак», – деди Борис Жонсон. Унинг қўшимча қилишича, давлат хизматчилари штатлари пандемия даврида жуда кенгайиб кетганди. Бош вазир вазирларга давлат хизматчилари сонини камайтириш бўйича режа ишлаб чиқариш учун бир ой муҳлат берди.  

Daily Mail берган маълумотга кўра, бўшатиладиган ходимлар рўйхатига биринчи бўлиб COVID-19 га ҳамда Brexit оқибатларига қарши курашга жалб қилинган давлат хизматчилари киритилади.  

Британия ҳукуматининг ушбу қарорига мамлакат касаба уюшмалари қарши чиқишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, ҳукумат ушбу масалага жиддий қарамаяпти, қолаверса, ишдан кетадиганлар сони ҳам ҳаводан олинган.