Буюк Британияда коронавирусдан кимлар кўпроқ вафот этаётгани айтилди
Буюк Британияда олиб борилган COVID-19 коронавирус инфекцияси натижасида рўй бераётган ҳалокатли оқибатлар таҳлили бу борадаги кўрсаткичлар сезиларли нисбат билан беморларнинг этник мансублигига боғлиқлигини исботлади.
Буюк Британияда олиб борилган COVID-19 коронавирус инфекцияси натижасида рўй бераётган ҳалокатли оқибатлар таҳлили бу борадаги кўрсаткичлар сезиларли нисбат билан беморларнинг этник мансублигига боғлиқлигини исботлади. Мамлакат мутахассислари ушбу хасталикдан ўлим ҳолатлари асли келиб чиқиши Кариб ҳудуди билан боғлиқ қора танли инсонлар орасида энг кўп эканлигини аниқлашди. Бу ҳақда “Institute for Fiscal studies” (IFS) тадқиқот муассасаси вакилларига таяниб, “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар берган.
Изланишлар натижасида чоп этилган IFS мутахассислари ҳисоботида қайд этилишича, коронавирус билан хасталаниш оқибатида ҳалок бўлган Буюк Британия фуқаролари орасида оқ танлилар Кариб ҳавзаси мамлакатларидан келиб қолган кишиларга нисбатан уч баравар кам.
Қолаверса, қиролликнинг бошқа қора танли фуқаролари, масалан Африка давлатлари ҳамда Покистон ва Бангладешдан келганлар, шунингдек ҳиндлар диаспораси ва бошқа кичик этник гуруҳлар ичида ҳам COVID-19 туфайли ўлим ҳолати оқ танлиларга нисбатан икки марта кўп учрамоқда. Аҳамиятлиси, этник ирландлар орасида вирусдан вафот этганлар сони британияликлардан ҳам кам экан.
Олимлар кўнгилсиз ҳодисалар бўйича этник гуруҳлар орасида бу қадар сезиларли фарқ кузатилиши бир қатор ижтимоий ва иқтисодий омиллар мажмуи, шунингдек кишиларнинг жисмоний ҳолати, саломатлик даражаси билан боғлиқ, дейишмоқда. Бундан ташқари ўлим ҳолатлари кўрсаткичига аҳоли зичлиги ва ҳудуднинг географик жойлашуви ҳам таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия коронавирусдан жабрланиш ҳолатлари бўйича дунёда АҚШ, Испания, Италия ва Франциядан кейин бешинчи ўринда турибди. Қироллик ҳудудида аниқланган 172 мингдан ортиқ беморнинг 26 мингдан зиёди қурбон бўлган.