Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия вакиллари пойтахтимиз имкониятлари билан танишди
16:52 / 2026-02-18

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Буюк Британия Бош вазирининг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича махсус савдо вакили Лорд Жон Олдердайс бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилди. Хусусан, Тошкент иқтисодиётининг асосий тармоқлари очиқлик, шаффофлик ва коррупцияга тоқатсизлик тамойиллари асосида ривожланаётгани таъкидланди.  

Сўнгги бир неча йил ичида пойтахт ривожланишнинг илғор суръатларини намойиш этаётгани, турли мамлакатлар ҳудудлари билан ҳамкорлик фаоллашаётгани, саноат, транспорт, шаҳар инфратузилмаси, таълим ва инновациялар соҳаларида лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Дарҳақиқат, жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, бу эса шаҳар муҳитини модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашни тезлаштириш имконини бермоқда.

Мавжуд мактаб ва боғчаларни қайта қуриш ва қамровни кенгайтириш билан бир қаторда, шаҳарнинг ҳар бир туманида янги таълим муассасалари қуриш режалаштирилмоқда. Шунингдек, олимпия захирасини шакллантириш учун 32 та спорт тури бўйича ихтисослашган спорт мактабларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Пойтахтнинг экологик сиёсати доирасида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган саноат ва йўл объектларини босқичма-босқич шаҳар ташқарисига чиқариш давом этмоқда.

Меҳмонларга Тошкентда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, замонавий турар-жой мажмуалари қурилиши, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, шаҳарсозлик, таълим, молия ва инновация соҳаларида изчил равишда мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Делегация аъзолари илғор бошқарув тажрибаси алмашинувини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларда хусусий сектор иштирокини фаоллаштиришга қизиқиш билдирди. Бундан ташқари, икки томонлама бизнес-форумларни ташкил этиш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрликларини тасдиқлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА