Буюк Британия: қурбонлар сони 12 мингдан ошди
Минг афсуски, ушбу давлат тузалганлар сони бўйича дунёда энг охирги ўринда бормоқда.
Британияда коронавирусни юқтирганлар умумий сони қарийб 94 минг нафарга етди, уларнинг 12 107 нафари оламдан ўтди, атиги 344 таси соғайиб кетди. Минг афсуски, ушбу давлат тузалганлар сони бўйича дунёда энг охирги ўринда бормоқда.
Ҳатто мамлакат бош вазири Борис Жонсон ҳам касалликни юқтириб, шифохонада ётиб чиқди. Бу ерда ҳар куни 19 мингта тестлар ўтказилмоқда. Мудофаа вазирлигининг 300 киши ва 13 вертолётдан иборат авиация гуруҳи тузилган бўлиб, улар олис туманлардан ҳам оғир беморларни йирик касалхоналарга олиб келишмоқда.
Британия тиббиёт ассоциацияси сўровларига кўра, фронтнинг биринчи чизиғида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган 58 минг шифокорнинг ярмидан кўпи юз ниқоблари, 65 фоизи кўзни ҳимоя қилиш воситалари етишмаётганидан ёзғиришган.
Шу сабабли уларнинг бир неча минг нафари инфекцияни юқтириб олди. Уларга ёрдамчи куч сифатида 7,5 минг нафар нафақага чиққан тиббиёт ходимлари жалб этилди. 280 минг кўнгиллилар рўйхатдан ўтди. Шунга қарамай, 250 минг тиббиёт соҳасида ходимлар етишмаяпти. Коронавируснинг генетик кодини тадқиқ этиш ва вакцина яратиш ишларига 20 миллион фунт стерлинг ажратилди. Қисқа муддатда 10 мингта янги сунъий нафас олиш қурилмалари харид қилинди ва улар жами сони 18 мингтага етказилди. Аммо яна 12 мингта ана шундай замонавий тиббий ускуналарга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.
Барча ноозиқ-овқат дўконлари, диний муассасалар ёпилган, оммавий тадбирлар бекор қилинган. Икки кишидан ортиқ одам йиғилиши ман қилинди.
Вазият оғир бўлишига қарамай, Ички ишлар вазири П.Пател ва Ғазначилик раҳбари Р.Сунак Ҳукуматни 5 майдан бошлаб карантин тартибини енгиллаштиришга чақирмоқда. Аммо соғлиқни сақлаш вазири М.Хэнкок ва Вазирлар Маҳкамаси котиби М.Гоув бунга кўнмасликни ва 25 майга қадар карантинни давом эттириш шартлигини баён қилаётир.
Агар вазият ижобий томонга ўзгармаса, кўплаб компаниялар апрель ойи якунида ўз ходимларининг маошларини тўлай олмай қолиши муқаррар. Давлат томонидан катта миқдорда ёрдам пакетлари тақдим этилмоқда. Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири А.Шарманинг тан олишича, “шошилинч кредит” олиш учун бизнес вакиллари томонидан 300 мингга яқин мурожаат бўлган. Бироқ уларнинг атиги 4,2 мингига 800 миллион фунт стерлингга тенг кредитлар ажратилган. Давлатнинг қарз маблағлари эса 273 миллиард фунт стерлингга етган.
Меҳнат ва пенсия вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирча 1,2 миллион киши нафақа олиш учун ариза берган. Ҳар куни улар сони 10-12 минг нафарга ошириб бормоқда. Уларнинг аксарияти иш ўрнини йўқотганлар, даромадга эга бўлмаган кишилардир. Шунингдек, йилнинг иккинчи чораги ялпи ички маҳсулот 35 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда, ишсизлар сони эса 1,2 миллиондан 2 миллионга ортади.
Тезкор чоралар кўрилмаса, Оксфорд университети ўтказган эпидемиологик моделлаштириш натижаларига кўра, аҳолининг ярми коронавирусга чалиниши мумкин.
Қолаверса, мамлакатда 2 миллион кекса ва ёлғиз кишиларнинг истиқомат қилиши, коронавирус айнан ёши улуғларда асоратли ва хавфли кечиши мавжуд муаммони янада чуқурлаштирмоқда. Ҳозирда 11,3 минг қариялар уйларида 410 минг кексалар яшамоқда. Бу муассасаларнинг ҳам 2 мингтасида касаллик қайд этилган. Бундай масканларда юқтириш хатари жуда катта бўлиб, маъмурларни жиддий чоралар кўришга мажбур қилмоқда.
Шу сабабли кексалар ва сурункали касалликлари бор барча шахсларга уч ой давомида барча ижтимоий мулоқотларни чеклаш тавсия қилинди. Кўчаларда ва дўконларда одамлар икки метр масофа сақлаган ҳолда юришлари шарт.
Энг ачинарлиси, қамоқхоналарда ҳам коронавирусни юқтириш ҳолатлари учрамоқда, шу сабабли қўшимча 500 та вақтинчалик алоҳида камералар яратиш режаси эълон қилинди. 4 минг маҳкум эса 2 ой муддатга озодликка чиқарилиши кутилмоқда.
Яна бир муаммо. Ҳозирда мамлакат ташқарисида 300 минг нафар британияликлар қолиб кетган. Уларни чартер рейсларида олиб қайтиш учун 75 миллион фунт стерлинг ажратилди. Бироқ, ҳозирча бу борада ҳам ишларда оқсоқликлар кузатиляпти.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, карантин шароитида жиноятчилик даражаси 21 фоизга камайгани билан, уй зўравонликлари 125 фоизга ортиб кетган. Шунингдек, онлайн жиноятчилик ва фирибгарлик ҳолатлари ҳам кескин кўпайган.
Ҳозирда мухолиф партия вакиллари Жонсон ҳукуматини танқид қилишни кучайтириб, амалдаги ҳукуматнинг энг катта камчилиги сифатида ижтимоий масофа сақлаш бўйича чораларни анча кеч қабул қилганини кўрсатиб ўтмоқда.
Дилафрўз ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Бектемир тумани 290-умумтаълим
мактаби инглиз тили ўқитувчиси.