Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия тажрибаси асосида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими ўзини қай даражада оқламоқда?
14:06 / 2019-11-04

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 сентябрдаги қарорига мувофиқ “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотига асос солинди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 сентябрдаги қарорига мувофиқ “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотига асос солинди.

Қарорга кўра, хорижий давлатларнинг аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ижобий тажрибасини ўрганиш, мазкур ижтимоий тузилманинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, турли ҳуқуқий муаммоларга дуч келган фуқароларга маслаҳат бериш масаласи бўйича Буюк Британия давлатининг амалиёти таҳлил қилинди.

Сир эмаски, айрим одамлар ирқи, жинси, билими, ижтимоий келиб чиқиши ёки жамиятда тутган мавқеидан қатъи назар, баъзан ожиз қолади ва реал ҳаётда дуч келадиган айрим масалалар олдида ўзларини йўқотиб қўяди.

Шунинг учун, Буюк Британия оролларида “Citizens Advice” (“Фуқароларга маслаҳат бериш”) тармоғи мавжуд бўлиб, мамлакат бўйлаб 316 хайрия ташкилотида ўз фаолиятини юритади. Ушбу тармоқ ёрдамида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилади. Ташкилотнинг асосий вазифалари жумласига фуқароларнинг ҳаётига таъсир кўрсатадиган сиёсий тамойилларини такомиллаштириш ҳам киради.

Буюк Британияда “Citizens Advice” тармоғини ташкил этиш ғояси ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида пайдо бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ташкилотни давлат томонидан молиялаштириш қисқартирилди, бироқ 1960 йилларга келиб ташкилот қайта тикланди. 1973 йилда олинган давлат гранти эса “Фуқаролар маслаҳат бюроси Миллий уюшмаси”нинг (NACAB) хайрия ишларини кенгайтириш имконини берди. Бунинг натижасида, “Citizens Advice” тармоғи Буюк Британиядаги энг йирик мустақил маслаҳатчи ташкилотлардан бирига айланди. Бюро ёрдам кўрсатишнинг ҳар хил турларини таклиф этади ва у турли механизмлар ҳисобига молиялаштирилади.

Рақамлар ҳам мазкур хизматнинг нуфузи ва долзарблигини тасдиқлайди. Масалан, фақатгина 2013 йилнинг ўзида Буюк Британия аҳолисининг учдан бир қисми “Citizens Advice” веб-саҳифасига ташриф буюрган, ташкилотнинг ўзи олиб борган тадқиқотлари эса, ҳар 10 нафар британияликнинг 4 нафари “Citizens Advice” хизматига мурожаат қилганини кўрсатади.

2014 йилда “Citizens Advice” ўзининг 75 йиллигини кенг нишонлади, 2015 йилда “Йилнинг хайрияси” номинацияси ғолиби деб топилди. Шунингдек, ташкилот ўз ваколатлари доирасини кенгайтириб, “Pension Wise” (пенсия жамғармасидаги пул маблағларини нима қилиш кераклигини тушунишга ёрдам берадиган бепул давлат хизмати) ташкилотининг гувоҳлик ва шахсий маслаҳат бериш борасидаги ваколатларини шартнома асосида ўзига олган.

“Citizens Advice Bureaus”нинг (“Фуқаролар маслаҳатлари бюроси”) фаолияти ҳуқуқий муаммоларга дуч келган шахсларга бепул ва беғараз ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳолининг ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур билимларга эга бўлишига йўналтирилган.

Шу билан бирга, бюро ходимлари онлайн тарзда, жумладан, телефон орқали ҳам шахсий маслаҳат беради.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йилда 28,5 миллион киши бюро сайтига ташриф буюрган, 1,3 миллион киши ўз муаммоларини ҳал эта олган, қарийб 1 миллион мижоз телефон орқали, 300 минг фуқаро эса электрон почта, чатлар орқали ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар олган.

Бундан ташқари, бюро юридик шахслар, жумладан, бизнес тузилмаси ва давлат органлари вакилларига уларнинг фаолиятини яхшилаш юзасидан маслаҳатлар бериш хизматларини ҳам тақдим этади.

Бюро мутахассисларининг маслаҳатлари молиявий ташкилотлар фаолиятини ҳам анча соддалаштиради ва бу фуқароларга солиқ бўйича қарзларини ўз вақтида тўлаш ва қарздорликнинг олдини олиш имконини беради.

Бюро фуқароларга маслаҳат берган ҳолда ишсизлик муаммоларини ҳал этишга, ишга жойлашишга, ижтимоий тўловлар ва бошқа нафақаларни олишга оид масалалар бўйича ёрдам беради. Фуқароларга пенсия таъминоти учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришда бюронинг кўрсатадиган кўмаги ҳам муҳим рол ўйнайди.

Бюро маслаҳатлари фуқароларга бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонунчиликда назарда тутилган пул компенсацияларини олиш имконини беради. Мисол учун, бюро фуқароларга қарздорликдан халос бўлиш, имтиёзлардан фойдаланиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қонунчилик бузилганда компенсация ундириш имкониятига эга бўлиш учун ёрдам беради.

Бюро давлат органлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан мулоқотга киришадиган фуқароларни керакли маълумотлар билан таъминлайди.

Ташкилотга хоҳлаган фуқаро мурожаат қилиши мумкин, яъни ташкилот барча учун очиқдир. Бюро муаммоларни ҳал этишда тегишли давлат органлари ва ташкилотларини жалб қилишга ҳақли. Ташкилот бу йўл билан ижтимоий сиёсатни шаклантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Ташкилот кўп учрайдиган ҳуқуқий муаммолар ёки келиб тушадиган, яъни ижтимоий қизиқиш уйғотадиган аризаларни ҳам умумлаштириш билан шуғулланади. Бюро инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган у ёки бу фаолиятни такомиллаштириш, одил судловдан фойдаланишга ҳалақит берадиган тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.

Буюк Британиядаги етакчи маслаҳат ташкилотларидан бири бўлган “Citizens Advice” бюроси ҳуқуқий онгни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Бунга маҳаллий маслаҳат бюроларидаги оддий фуқаролар, бошқа кўнгилли маслаҳатчилар кўмаклашади.

Шуниси қизиқарлики, бюро маслаҳатчилари кўнгиллилардан ташкил топади. Улар аввал чуқур ўқитилади, сўнгра синов муддати билан ишга қабул қилинади. Ана шундан сўнггина улар маслаҳат беришга киришади. Ишга янги келган маслаҳатчиларнинг хатти-ҳаракатлари уларнинг устозлари томонидан назорат қилинади, бевосита ўқитилади ва зарур маслаҳатлар бериб борилади. Айрим ҳолларда юридик тайёргарликдан ўтиш бўлғуси маслаҳатчилар учун мажбурий ҳисобланади.

Бугунги кунда “Citizens Advice” халқаро ташкилот мавқеини олган. Масалан, 2004 йилда “Citizens Advice International” бутун дунё бўйлаб маслаҳатлар берадиган ташкилот сифатида ташкил этилган. Ушбу ташкилот Европа миқёсида Европа фуқаролар хизмати билан ҳамкорликда ишлайди ва Европа форумларини ташкиллаштиради.

“Citizens Advice International” маслаҳатчилари ҳар йили қарийб 7 миллион фуқарога юридик маслаҳат кўрсатади. Ўртача олганда, битта мурожаат 15 дақиқа давомида кўриб чиқилади.

“Citizens Advice International” энг самарадор амалиётларни аниқлаш, алмашиш, ҳаётда қўллаш ва ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий сиёсатни шакллантириш мақсадида фуқаролик маслаҳатлари бюроси тармоғи турли ахборот ва маслаҳат хизматларини қўллаб-қувватлайди.

Англия лорди Уильям Генри Бевериджнинг қарашлари жуда ҳам қизиқ ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, “фуқароларга маслаҳат берувчи хизмат мисоли дарча бўлиш керакки, у орқали ижтимоий соҳа ходимлари ва қонунчилар одамни кўчада кўриши мумкин”.

Касаба уюшмалар сонининг камайиши, кичик ва касаба уюшмалар таркибида бўлмаган фирмалар сонининг ортиши билан кўплаб ходимлар фуқаролик маслаҳат бюроси сингари кўнгилли ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бюро ходимларга тавсия берадиган энг кўп ташқи етказиб берувчи ҳисобланади.

Бюро фаолияти аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун, айниқса, касаба уюшмаларига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлмаган, вақтинча ишда банд бўлган ишчилар, шу жумладан, агентлик ишчилари, профессионал адвокатлик хизматларидан фойдаланиш учун етарли молиявий маблағига эга бўлмаганлар учун муҳим аҳамиятга эгадир. Бюро шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасидаги сиёсатни такомиллаштиришга қаратилган кампанияларни ўтказишда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш керакки, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларнинг ўзгарувчан хусусияти фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмини янада такомиллаштириш, бу борада хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасини ўрганиш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш зарурлигини тақозо этади.

Тўлқин ТУРСУНОВ, 
“Мадад” нодавлат нотижорат
ташкилоти ижрочи директори.