French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари билан мулоқот тўғрисида
12:00 / 2020-05-08

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари, Халқаро тараққиёт вазири Венди Мортон билан мулоқот ўтказди.


Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари, Халқаро тараққиёт вазири Венди Мортон билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

Видеоконференция шаклида уюштирилган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи, мамлакатимизда амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар икки давлат тиббиёт ходимлари ўртасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш учун мунтазам алоқалар ўрнатилишини мамнуният билан қайд этди.

Музокараларда ўзаро сиёсий мулоқот ва ҳар томонлама шериклик фаоллашгани, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлангани, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланаётгани эътироф этилди.

Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан олий ва юқори даражадаги учрашувлар ташкил этилишидан ҳар икки томон манфаатдор экани тасдиқланди, бу Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланишига туртки бериши қайд этилди.

Венди Мортон Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлигининг (DFID) Ўзбекистонда бевосита фаолият олиб бориш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режаси тўғрисида маълумот берди.

Вазир тузилманинг Марказий Осиёдаги минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳалардаги иштирокини юқори баҳолади. Вазирликнинг минтақавий кооперация, хусусан, транспорт, савдо ва рақамли технологиялар соҳаларида, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа республикалари хусусий ва давлат секторлари учун кадрлар тайёрлаш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Видео мулоқот давомида савдо ва инвестиция бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш, тузилмани Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия даражасига кўтариш таклифи кўриб чиқилди.

Музокараларда умумий кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.