Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия олий ўқув юртларини тамомлаган ўзбекистонлик битирувчилар анжумани ўтказилди
20:24 / 2024-09-21

Бугун пойтахтимизда ўтказилган ушбу анжуман Ўзбекистондаги Британия кенгаши ва Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Буюк Британия университетлари битирувчилари, "Chevening" стипендия дастури ғолиблари, "Study UK Alumni Awards” совриндорлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Жеймс Роед-Мур, Британия кенгашининг Ўзбекистондаги директориўринбосари Жамила Ғуломова иштирокчиларга самимий тилаклар билдириб, Буюк Британия битирувчилар тармоғининг аҳамияти ва унинг мамлакатимиз таълим тизимига қўшган ижобий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.  

Унда айтиб ўтилганидек, мазкур тадбирнинг асосий мақсади иштирокчиларга касбий ривожланиш ва малака ошириш имкониятларини тақдим этиш ҳамда Ўзбекистонда Буюк Британия битирувчилари тармоғини мустаҳкамлашга қаратилган.  

Шунингдек, бу тадбир икки давлат ўртасидаги таълим ва касбий кўникмаларни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган тадбирлар туркуми бошланишидир.

–Буюк Британияда таълим олишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бунга Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган кўмак ва халқаро ҳамкорликка қаратилган эътибор катта туртки бермоқда. 2020-2021 ўқув йилида Буюк Британияда таҳсил олган 615 нафар ўзбекистонлик талабадан 115 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси соҳиблари бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 250 дан ортиқ "Chevening" дастури битирувчилари, 11 нафар "Hornby" стипендияси битирувчилари ва 2 нафар СТЕМ соҳасидаги аёл-қизлар стипендияси совриндорлари мавжуд, – деди Ж.Ғуломова.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги трансмиллий таълим бозори ўсишда давом этмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 та Буюк Британия олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликнинг аҳамиятини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Шунингдек, тадбирда маҳаллий ва хорижий мутахассислар сунъий интеллектни ривожлантириш кўникмаларини келажакда жорий этиш ва турли соҳалардаги бизнес тизимларини такомиллаштиришга унинг таъсири ҳақида фикрлар билдирди.  

Замонавий бизнес стандартларигамослашувчанлик, ишонч уйғотиш, одоб-ахлоқ ваалоқаларни мустаҳкамлаш каби лидерликнингсифатлари ҳам муҳокама марказида бўлди.

–Британия университетларида таҳсил олган битирувчиларимиз ўртасида билим ва тажриба алмашинуви давом этаётганини кузатиш ниҳоятда ажойиб, – деди Жеймс Роед-Мур. – Уларнинг узлуксиз таълим ва касбий ривожланишига бўлган қизиқиши ҳақиқатан ҳам илҳомлантиради ва Ўзбекистондаги битирувчилар тармоғимизни белгилайдиган ҳамкорлик руҳини акс эттиради. Битирувчиларимиз Буюк Британиядаги сифатли таълимнинг ажойиб намунаси бўлиб, "Chevening", "Hornby" каби Буюк Британиянинг нуфузли стипендия дастурлари вакиллари саналади.

Тадбир якунида иштирокчиларга “Study UK Alumni Awards”, “Global Alumni Awards” мукофотларининг талаблари ва ўтказилиш муддатлари ҳақида маълумот берилди.

–Очиғини айтганда, анжуманда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Иштирокчиларнинг аксарияти Буюк Британия олий ўқув юртларини тамомлаган ўзбекистонлик ёшлардир. Улар билан мулоқот қилдим. Келгусида ушбу мукофотларда иштирок этиш учун имкониятимни синаб кўрмоқчиман. Тадбирда бу ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлдим, –деди Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ходими Моҳидил Тошпўлатова.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА