Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия ОАВ Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида
14:31 / 2022-06-22

Жаҳон матбуоти саҳифаларида

Буюк Британиянинг «Open Central Asia Magazine» журналида эълон қилинган мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари  ҳақидаги мақолада қайд этилишича, жорий йил қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига  қўшиш учун замин  яратадиган чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Иқтисодиётни янада эркинлаштириш, соҳаларни хусусийлаштириш, монополияга барҳам бериш, хорижий инвестиция жалб қилиш, нарх-навони  барқарорлаштириш, “иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи кучлар”ни ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудларга ваколат берадиган номарказлаштириш Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар саналади. Айни жараёнда мамлакатда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоиз ошириш орқали миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ҳамда ЯИМда саноат ҳиссасини оширишни давом эттириш кўзда тутилган. Бу металлургияда йирик инвестиция лойиҳалари амалга ошириш, мис ва қора металдан маҳсулот ишлаб чиқаришни икки баробар кўтариш, демак.

“Яна бир муҳим мақсад - рақамли иқтисодиётни “драйвер”соҳага айлантириб, камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни амалга ошириш ҳамда ушбу янги соҳа салоҳиятини мустаҳкамлаш”, - деб ёзади муаллиф. Материалда қайд этилишича, ислоҳотлар инвестиция жалб қилиш, капитал бозори, банк соҳасини такомиллаштириш, экспорт номенклатураси ва кўламини кенгайтиришга  қаратилган. Шунингдек мақолада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини жадаллаштириш, тайёр маҳсулотни Европа мамлакатларига «GSP+» тизими доирасида экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталинган. Ўзбекистон иқтисодий ўзгаришларнинг устувор йўналишларини белгилади, режани амалга ошириш юксак салоҳият, салмоқли ресурс талаб этади. Шу боис стратегиядаги кўплаб мақсадларга эришиш учун шериклар билан ҳамкорлик қилиш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашишга биринчи даражали эътибор қаратилган, деб хулоса қилади муллиф.

Ўзбекистан  БАА оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи газеталаридан бири - «Gulf Today»да Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси делегациясининг ушбу мамлакатга ташрифи якунига бағишланган мақола чоп этилди. Нашр ёзишича, амирлик бу ташрифга муҳим аҳамият қаратган. Делегация билан учрашув чоғида Дубайнинг «DP World» божхона корпорацияси бош директори Аҳмад Маҳбуб Мусабиҳ БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги яқин алоқани, икки томонлама  ҳамкорликни кенгайтириш йўлларига тўхталиб ўтди. “Биз  ўзаро  савдони ривожлантириш ҳамда билим ва тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатлар божхона ташклиотлари билан муносабатни яхшилаш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. Ўзбекистонлик биродарларимиз билан ўзаро савдони мустаҳкамлаш йўлида шерикликни йўлга қўйишга интиламиз”, - деди Аҳмад Маҳбуб Мусабиҳ.

Учрашув чоғида Дубай божхонасида қўлланаётган сунъий интеллектнинг энг янги технологиялари намойиш этилди. Ўзбекистонлик мутахассислар “Жебел-Али” божхона марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти, соатига 900 тагача контейнерни сканерлайдиган илғор тизим иши билан яқиндан танишди. Шунингдек, делегация аъзолари Дубай халқаро аэропортида ҳам бўлиб, интеллектуал тизим ва технологиядан фойдаланган ҳолда сайёҳлар ва меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот олишди.

Ташриф доирасида “Dubai World Trade” ва Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси  ўртасида  Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Амирлик  вакиллари БАА ва мамлакатимиз божхона идоралари ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.

“Ушбу тадбирлар икки мамлакатнинг логистика, инвестициявий ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади” жумласи билан якунланган «Gulf Today» мақоласи.

Ўрик экспорти бўйича қайси вилоят етакчи?

Ўзбекистонда ўрик экспорт қилиш бўйича Фарғона биринчи ўринда туради. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2022 йилнинг дастлабки беш ойи давомида республика 2,8 минг тонна ўрик экспортидан 3 миллион долларга яқин даромад олган. Ушбу миқдорнинг қарийб 1,2 минг тоннаси айнан Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келади. Хоразм вилояти 311 тонна ўрикни четга экспорт қилган, Тошкент вилояти эса 236 тонна билан учинчи ўринда қайд этилган. Ўрик экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоиз ошган.

Россия  Ўзбекистон ўригининг асосий харидори ҳисобланади. Мамлакатимиз ушбу давлатга 1,5 минг тонна ўрик етказиб берган. Қозоғистонга 860 тонна, Қирғизистонга 429 тонна шундай мева жўнатилган.

Bradt Guides”  нашриёти Ўзбекистон тўғрисида мақола берди

“Bradt Guides” мустақил сайёҳлик нашри сайтида Софи Ибботсоннинг “Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари” номли мақоласи эълон қилинди.

“Ўзбекистон ҳар қандай инсонни ҳайратга солади”, - деб бошланади мақола. “Ипак йўлининг учта энг буюк шаҳри – Самарқанд, Бухоро ва Хива ушбу заминда жойлашган”. Муаллиф Ўзбекистоннинг энг машҳур жойлари рўйхатини тузган:

Самарқанд меъморий ёдгорликлари: Регистон майдони, Шоҳи-Зинда  мажмуаси, Биби-Хоним масжиди, Гўри-Амир мақбараси.

Бухоронинг ажойиб тарихий объектлари: Пои Калон мажмуаси, Катта масжид, Мир Араб ва Чор Минор мадрасалари.

Хива тарихий ёдгорликлари:  Ичан-Қалъа, Калта Минор, Исломхўжа мадрасаси ва минораси.

Мақолада муаллиф ҳар бир ёдгорлик ҳақидаги маълумот билан бирга ёрқин  фотосуратларни ҳам келтиради.

И.Абдумаликзода тайёрлади. 

ЎзА