Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия: консерваторлар ғалабаси референдумга йўл очмоқда
13:06 / 2019-12-13

Кеча Буюк Британияда муддатидан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди.


Кеча Буюк Британияда муддатидан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди. 70 фоиз сайловчиларнинг овозлари ҳисоб-китоб қилингач, консерваторлар ишончли ғалабага эришгани маълум қилинди.

Бирлашган Қироллик бош вазири Борис Жонсон сайлов натижаларига тўхталар экан, Консерватив партия “Brexit”ни амалга ошириш учун сайловчилардан ваколат олганини таъкидлади.

“Консерватив ҳукумат “Brexit” жараёнини якунлаш учун янги ишончли ваколатга эга бўлди“, – деди бош вазир. “Бу тарихий сайлов бизга Британия халқининг хоҳиш-иродасини амалга ошириш, мамлакатдаги вазиятни янада яхшилаш учун имкон беради, ва биз бу ишларни бугундан бошлаймиз“, дея қўшимча қилди у.

Бош вазирнинг сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим ташаббусларидан бири Буюк Британияни 2020 йил 31 январгача Европа Иттифоқи таркибидан чиқаришга эришишдир.

Бош вазир парламентга ҳам сайланди, унинг учун 25 минг киши овоз берди. Буюк Британияда вазирлар, жумладан, Бош вазир ҳам парламент аъзоси бўлиши керак. Сиёсатчи палата депутатлиги учун етарли овоз тўплай олмаса Вазирлар Маҳкамаси таркибига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Собиқ Бош вазир Тереза Мэй ҳам қуйи палатадаги ўрнини сақлаб қолди, аммо у ҳукуматда бирор лавозимни эгалламайди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Борис Жонсон раҳбарлик қилаётган Консерватив партия 337 депутатлик мандатига эга бўлган. Лейбористлар партияси 198 та мандат билан иккинчи, Шотландия миллий партияси эса 45 та мандат билан учинчи ўринда қайд этилди.

Борис Жонсон “Brexit”ни амалга ошириш учун халқдан ваколат олганини таъкидлаётган бир пайтда, Шотландия Биринчи вазири Никола Стержен консерваторларга ёқмайдиган бошқа ваколат ҳақида ҳам эслатиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, жорий сайловлар Шотландияда мустақиллик бўйича янги референдум ўтказиш ваколатини ҳам беради.

Шотландия Биринчи вазири, Шотландия миллий партияси йўлбошчиси Никола Стержен унинг партияси 12 декабрда бўлиб ўтган сайловларда эришган муваффақияти туфайли Шотландиянинг мустақиллиги бўйича референдум ўтказишни Эдинбургдан қонуний талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлганини маълум қилди. Унинг партияси бу галги сайловларда яхши натижага эришган ва шу тариқа Британия парламентида Шотландия манфаатларини ҳимоя қилувчи ягона партияга айланди.

“Энди бизда Шотландия халқига ўз келажагини ўзлари белгилашларини таклиф қила олиш ваколатига эгамиз“, - деди у “Sky News” телеканалида чиқиши чоғида.

Маълумот ўрнида Шотландиянинг мустақиллиги бўйича референдум 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда 55 фоиз қатнашчи Эдинбург билан Лондон ўртасидаги иттифоқни сақлаб қолишни ёқлаб овоз берди.

Шотландия миллий партияси Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича умумбритания референдуми якунларидан фойдаланиб қолиш ниятида. Ушбу референдумда Шотландия аҳолиси британияликлардан фарқли равишда келгусида ҳам Европа Иттифоқига аъзоси бўлиб қолиш учун овоз берди. Ушбу ҳолат мустақиллик учун янги референдум ўтказиш ғоясини илгари суришга имкон бермоқда.

Никола Стержен референдумни 2021 га қадар ўтказиш истагини билдирган.