Буюк Британия Депортация агентлиги тузмоқчи
“Британияни ислоҳ қилиш” партияси яна бир кескин режа эълон қилди. Маълумки, бу фракция қиролликдаги меҳнат муҳожирларини “босқинчилар” деб атайди. Мазкур фракция, агар ҳокимият тепасига келса, мигрантлар оқимини тўхтатиш учун минглаб ҳужжатсиз хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштирмоқда. Шунингдек, партия фаоллари айни йўналишда инсон ҳуқуқи бўйича шартномадан чиқиш ҳамда Депортация агентлиги ташкил қилишга ваъда берди.
Таъкидлаш жоиз, 2029 йил августгача ўтказиладиган сайлов олдидан ушбу гуруҳ жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровда етакчилик қилмоқда.
“Рейтерс” агентлиги ёзишича, партиянинг ички ишлар бўйича раҳбари қироллик ҳукуматига мурожаат қилиб, иммиграция даражасини “миллий хавфсизликка нисбатан фавқулодда ҳолат” дея таърифлади. Хусусан, АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE)га ўхшаш янги тузилма ташкил этишни талаб қилди.
Ушбу чоралар йилига 288 000 кишини депортация қилиш, чет эл фуқароларига бериладиган имтиёзни тўхтатиш ҳамда ноқонуний мигрантларини қайтаришдан бош тортган Покистон, Сомали, Эритрея, Сурия, Афғонистон, Судан каби мамлакатларга виза бўйича тақиқ жорий қилишни назарда тутади.
С.Раҳимов, ЎзА