Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк Британия билан иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
14:39 / 2022-10-12

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра,  суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги ютуқлар ҳамда инвестиция ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

 Хусусан, жорий йилнинг январь-август ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш кўрсаткичлари, жумладан Ўзбекистоннинг GSP кенгайтирилган схемасида бенефициар мақомини олгани ҳисобига  30 фоизни ташкил этгани қайд этилди. GSP (Generalized System of Preferences) моҳияти ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқарилган  ва ривожланган мамлакатлар томонидан ривожланган давлатлар ҳудудига олиб кирилаётган муайян турдаги товарларга тариф ставкаларини камайтириш ёки бекор қилишдан  иборат.  Бу Буюк Британия бозорига экспорт ҳажмини диверсификация қилиш ва 50 фоиздан ортиққа ошириш имконини беради. Бундан ташқари, рақамли экотизим концепциясини тайёрлаш, ўзбек маҳсулотлари ва хизматлари сифатини ошириш ҳамда уларни ташқи савдога чиқариш учун Буюк Британиянинг энг яхши амалиётлари асосида рақамли инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.   

Томонлар Британия компанияларининг сармоявий иштирокини кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди. Суҳбат қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик саноати, шунингдек, IT-тармоғи ва яшил иқтисодиёт каби соҳалар ҳақида борди. Мазкур йўналишларда инвестиция муҳитини яхшилаш, лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон инвестициявий жозибадорлигининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқишга доир қўшма амалий чора-тадбирлар қабул қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди.  

Минтақавий ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича имкониятлар алоҳида муҳокама қилинди. Савдо ва инвестиция, транспорт ва коммуникация, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Орол денгизи ҳудудида экологик инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш учун «С5+1» форматидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.    

Музокаралар якунлари бўйича томонлар икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.  


Роман БОНДАРЧУК, ЎзА