Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар иштирок этди.
Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ва авлодлари қолдирган бой мероснинг қадри ва таровати асрдан-асрга тобора ошиб бормоқда, янги давр ва замонларга ҳам муносиб хизмат қилмоқда. Буюк саркарда бобомизнинг мардлиги ва ватанпарварлиги, жасорати ва адолатпарварлиги ёшларга чинакам ибратдир. Хусусан, Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да бугунги кунда муносиб издошлар камол топмоқда. Айни пайтда бу ерда 310 ўқувчи таҳсил олмоқда.
Мактаб ёшларни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослашган. Шинам фан синфлари, компьютер хоналари, касбий ва тарихий адабиётларга бой кутубхонада бунинг учун барча шароит яратилган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фойдали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.
[gallery-16851]
Мазкур мактабда ташкил этилган тадбир соҳибқирон бобомизга юксак эътибор ифодаси бўлди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Фурқат Жўрақулов, Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзо ва бошқалар Амир Темур ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда, ватанпарварликда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан бири эканлигини таъкидлади.
Ижодкорларнинг ватанни, тинчликни мадҳ этувчи шеърлари, актёрларнинг Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди сиймосидаги чиқишлари барчага манзур бўлди.
Меҳмонлар “Темурбеклар мактаби”да яратилган шароитлар билан танишди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА