Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк бобомизга эҳтиром
14:46 / 2022-02-14

Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳакорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди. Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди. 

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси Минҳожиддин Ҳожиматов, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Камчибек Кенжа ва бошқалар сўз олди. Унда буюк бобокалонларимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятининг юксатиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди. Хусусан, Бобур ҳаёти ва ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни ва роли алоҳида қайд этилди.

[gallery-5750]

– Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг серқирра ижоди жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга,  – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Ҳожиматов. – Айниқса, унинг шоҳ сифатида амалга оширган бунёдкорлик, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шоир, ижодкор сифатида бутун дунёга маълум ва машҳурлиги ҳар бир юртдошимиз қалбини фахрга тўлдиради. Улуғ бобомизнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбааларини ўрганишимизда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади. 

Тадбирда Афғонистон, Туркия давлатларидан келган бобуршунос олимлар ҳам иштирок этиб, Бобур ҳаёти ва ижоди, унинг ижодий меросини ўрганиш  ҳақида фикр билдирди.

– Бобур ва бобурийлар сулоласи  қайси юртни босиб олмасин, ўша юрт халқининг дини, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан қараган, – дейди афғонистонлик бобуршунос олима, профессор Шафиқа Ёрқин. – Шу боис ҳам нафақат Афғонистонда, балки Бобурийлар салтанати таркибига кирган барча мамлакатларда Бобур оқил, доно ва адолатли подшо сифатида ҳурмат қозонган. Умуман, бобуршунослар олдида шоҳ Бобурнинг ана шу жиҳатларини янада чуқур ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш борасида тадқиқотлар олиб бориш вазифаси турибди. 

Тадбирда санъаткорлар томонидан Бобур ҳаётига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.  Муҳаммад  Юсуф ижод мактаби ўқувчилари  Бобур ғазалларидан намуналар ўқиди. Бобур номидаги халқаро жамоат фондида ушбу сана муносабати билан кўплаб давлатлар бобуршунос олимлари иштирокида халқаро онлайн конференция ўтказилди.

З.М.Бобур таваллудига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида давом этмоқда.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА