Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк боболаримизга авлодлар эҳтироми
20:30 / 2026-02-13

Рус тилида ўқитиладиган Наманган шаҳридаги 6-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби вилоятдаги намунали илм масканларидан ҳисобланади. 814 ўқувчининг таълим-тарбиясига 41 педагог масъул бўлган ушбу билимгоҳда она тили (ўзбек тили) ва адабиёти фанини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.

Мактабда жами беш нафар тил ўқитувчиси иш юритиб, улар олий ва биринчи тоифали малакага эга. Ҳар бир муаллима ҳафтасига 30 соатдан она тили ва адабиёти фанидан дарс беришади. Эътироф этиш жоиз, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муножат Йўлдошева фаолиятидаги ютуқлари натижасида 1 минг 300 АҚШ долларига тенг миқдорда маош олмоқда.

Қувонарлиси шундаки, ўтган ўқув йилида икки нафар ўқувчи ўзбек тили фани бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида қатнашди. Хусусан, 9 - “а” синф ўқувчиси Адҳамжон Шарипов ғолибликни қўлга киритди.

Таълим даргоҳида узоқ йиллик иш тажрибасига эга бўлган, фаолияти бутун вилоят миқёсида оммалаштиришга арзийдиган муаллимлар бор. Олий тоифали педагог Ҳилола Норбўтаева 37 йилдан буён ёш авлодни тилимизни ардоқлашга ундаб келмоқда.

Февраль ойида эълон қилинган “Маънавият ва маърифат” ҳамда “Она тили ва адабиёти фани” ойликлари доирасида буюк мутафаккирларимиз – шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан ташкил этилган очиқ дарсда 9 - “д” синф ўқувчилари иштирок этдилар.

[gallery-27652]

Амалий машғулот давомида ўқувчилар ҳазрат Навоий ва Бобур боболаримизнинг ҳаёти ва ижоди, уларнинг ўзбек адабиётига қўшган беқиёс ҳиссалари хусусида маълумотлар берди. Шеър, ғазал, рубоийларни ифодали баён қилиш, саҳна кўриниши ҳамда ижодий чиқишлар орқали мавзу тўлақонли акс эттирилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, сўз мулкининг султони, туркийзабон миллатларнинг улуғ алломаси Алишер Навоий ҳамда умрининг охиригача Ватан меҳри-ю соғинчи билан яшаб ижод қилган саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек буюк икки шахснинг бебаҳо ижодий-илмий мероси жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади.

Очиқ дарсда келтирилганидек, Навоий асарларида халқни рози қилиш алоҳида тилга олинган:

Одамий эрсанг демагил одами,  

Оники, йўқ халқ ғамидин ғами.

Бу байт  шунчаки ёзиб қўйилмаган – бутун вужуди, тафаккури, ҳаёти ва ижодини халққа бағишлаган бу буюк инсон шу шиорни ўз ҳаёти ва фаолиятининг моҳияти деб билган ва бошқаларга ҳам тарғиб қилган.

Бундай пурмаъно сатрлар том маънода Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётида ҳам ҳамоҳанглик касб этмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртимизда элни рози қилиш йўлида жон куйдираётган замондошларимиз учун буюк мутафаккир сўзлари дастуриламалдир.

Сермазмун кечган очиқ дарс иқтидорли ўғил-қизларга ижодий илҳом бахш этди.  

– Февраль ойини биз интиқлик билан кутамиз, боиси улуғ алломаларимиз Навоий ва Бобур боболаримиз таваллуд топган бу ойда мактабимизда катта маънавий байрам ва адабиёт тантанаси бўлади, – дейди истеъдодли ўқувчи Моҳинур Ҳомидова. – Бир муҳим ҳақиқат борки, биз ёшлар Навоийси бор миллат вакиллари сифатида маънан қудратли, руҳан етук бўлишимиз керак. Зеро, бутун дунё бизга буюк мутафаккирларнинг авлодлари сифатида юксак эҳтиром, чексиз ҳурмат билан қарайди.  

Дарҳақиқат, мана олти асрдирки туркий халқлар маънавиятининг тимсоли Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳануз йўлчи юлдуздек умуминсоний фазилатлар, ахлоқ, комил шахс ҳақидаги эзгу ғоялари билан бизга йўл кўрсатиб келмоқда.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА