Бухоронинг шарифлиги хусусида сўз борганда, энг аввало бу юрт азалдан илму урфон гўшаси, дунё тамаддунига пойдевор қўйган буюк алломалар, олиму фузалоларга бешик бўлганлиги тилга олинади.
Биз ҳақли равишда ана шундай муқаддас замин фарзанди ва унда камол топган буюк бобокалонлар авлоди эканлигимиздан фахрланамиз.
Бироқ, бу шараф ортида шундай масъулият ва бурч борки биргина фахр туйғусининг ўзи камлик қилади. Ҳеч иккиланмай айта оламизки, бугун ёшларимиз ана шу масъулиятни, бурчни юракдан ҳис қилган ҳолда илм олишга, буюкларнинг авлодлари эканликларини намоён этишга интиляпти. 2023-2024 ўқув йилида бухоролик мактаб ўқувчилари ўзининг билими орқали наинки мамлакатимизда балки дунёда қандай ўринларга эга бўлди. Мазкур савол билан Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоновга мурожаат қилдик.

–Биргина 2024 йилнинг ўтган даврида вилоят ўқувчилари халқаро олимпиадаларда жами 13 та медални қўлга киритди, – дейди Фаррух Қурбонов. – Ушбу медал соҳиблари бўлган билимдонларнинг номларини алоҳида эътироф этишни истардим. 2024 йил 25-30 март кунлари Туркманистон давлатида туркман шоири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро математика олимпиадасида Қоракўл туманидаги ихтисослашган мактаб ўқувчиси Юсуфжон Ортиқов олтин, шу мактаб ўқувчилари Фарҳод Очилов ва Муроджон Маматов кумуш, Анвар Рустамов, Бухоро шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Миршод Мухаммедов, Жондор туманидаги 46-мактаб ўқувчиси Улуғхўжа Бафоев ҳамда Олот туманидаги 10-мактаб ўқувчиси Хушнудбек Дурдиевлар бронза медалларни қўлга киритди. 26-31 май кунлари ўтказилган Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика олимпиадасида эса Қоракўл туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари Муҳаммадали Расулов, Нурбек Умаров ҳамда Вобкент тумандаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Дурбек Ўктамовлар кумуш медалга сазовор бўлди. Бухоро шаҳрида ўтказилган Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси ҳам ўқувчиларимиз учун муваффақиятли бўлди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган мазкур олимпиадада дунёнинг 18 та мамлакати — Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қувайт, Беларусь, Қатар, Грузия, Таиланд, Вьетнам, Хитой, Туркия давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат 105 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Икки босқичда кечган мазкур олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, умумий ҳисобда 60 нафар иштирокчи ўқувчилар турли даражалардаги (10 та олтин, 20 та кумуш, 30 та бронза) медаллар билан тақдирланди. Ўзбекистонлик ўқувчилар 12 та (3 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза) медал билан халқаро олимпиаданинг якка пешқадамига айланди. Энг қувонарлиси, мамлакатимиз терма жамоаси қўлга киритган ушбу муваффақиятда бухоролик ўқувчиларнинг алоҳида ўрни бор. Айтиш жоизки, бундай натижалар мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғли самара бераётганидан, бу юртда буюк аждодларга муносиб авлодлар улғаяётганидан далолат беради.

Инсоният қандай ютуқларни эгалламасин, унга илм орқали эришади. Билимдан қудратлироқ куч йўқ. Инсон қанчалик кўп билса, у шу қадар кучлидир. Тараққиётнинг асоси ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим-тарбия ҳисобланади. Биз – педагоглар бу йўлда бор имкониятларимизни сафарбар этишдан чарчамаймиз.
ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.