Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Ўзбекистон олимлари форуми ўтказилмоқда.
Илмий анжуманнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш” бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган илмий-тадқиқот ишлари, музей, архив, кутубхона ва қўлёзмалар фондини бойитиш тадбирларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган.
500 га яқин иштирокчини қамраб олган форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалар, келгуси режаларини намоён этадиган 10 дан ортиқ семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилади. Форумда тақдим этилган ҳар бир лойиҳа бўйича олимлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланади.
Билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, яхлит ҳужжат шаклида ташкилий қўмитага тақдим этилиши кутилмоқда.
Илмий анжуманнинг иккинчи кунида эса форумнинг ялпи йиғилиши ўтказилади. Ялпи йиғилиш аввалида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши ўтказилади. Сўнг ўтказилган семинарлар бўйича муҳокама ва модераторларнинг шарҳлари тингланади.
[gallery-18110]
Форум натижалари бўйича ташкилий қўмита томонидан тайёрланган якуний ҳужжат муҳокама этилади ва қабул қилинади. Форум якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига илмий жамоатчиликнинг Мурожаатномаси ва Декларация қабул қилиниши кўзда тутилган.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА