English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк авлиёлар макон тутган ҳудуд
11:18 / 2023-12-08

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Ушбу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўлкамиздаги диққатга сазовор жойлар, улуғ қадамжоларга нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларнинг ҳам ташрифи ошмоқда.

Масалан, Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ҳам зиёрат туризмини  ривожлантириш учун улкан имконият мавжуд.  

Касби тумани 1970 йил 16 октябрда ташкил топган бўлиб, “касби” сўзи косиблар, ҳунармандлар яшайдиган жой деган маънони англатади. Маълумотларга кўра, туманда 8 нафар улуғ авлиё хоки ётган зиёратгоҳ, 3 та сардоба мавжуд. Ҳазрат Султон Мир Ҳайдар ансамбли, Хўжа Муродбахш ота, Иброҳим ота мақбараси, Муҳаммад Садр Ислом қадамжоси, Назар бобо авлёси, Фазли қабристонидаги сағана. Сайидо Насафий сағанаси. Номозгоҳ масжиди шулар жумласидандир.

Уларнинг ичида Касби қишлоғида жойлашган Ҳазрат Султон Мир Ҳайдар ансамбли энг йиригидир.

Ушбу  қадамжодан  йил давомида зиёратчилар қадами аримайди.  

Султон Мирҳайдар ота (тўлиқ исмлари: Амир Шамсиддин Мир Ҳайдар Али Ҳожа Ҳайдар Хуросоний) – Яссавия мактабининг йирик вакилларидан бири, Ҳаким ота ва Занги отанинг машҳур шогирди. 1275 йилда Хуросонда, Шўрдарё бўйидаги Қойим (Қайин) шаҳрида туғилган. Ҳожа Шамсиддин Миср шаҳрида таҳсил олиб, “фақиҳ олим” деган даражага етишган. Фақиҳ, яъни фиқҳ илмида доно бўлган, Қуръонни мукаммал билган. Арабий, форсий, яҳудий, туркий тилларда сўзлашиш, ўқиш ва ёзишни билган. Ўн тўрт ёшида Макка ва Мадинага имом ҳамда икки Ҳарам толибларига устоз бўлган. Султон Мирҳайдар ота йигирма икки ёшида Истамбул мадрасаси толиблари илтимосига биноан фиқҳ илмига доир китоб битган. Ҳожа Шамсиддин Касбига 31 ёшида, яъни 1301 йил атрофида келган ва бу ерда ўз мактабини яратган. Султон Мирҳайдар ота 92 ёшга кириб, 1366 йилда вафот этган ва Касбида дафн этилган.  

[gallery-14961]

Айтиш жоизки, Султон Мирҳайдар ота зиёратгоҳи истиқлол йилларида тобора файзиёб гўшага айланди. Бугунги кунда бу табаррук масканга наинки Марказий Осиё, балки бутун мусулмон дунёси мамлакатларидан зиёратчилар тўхтовсиз келиб турибди. Мажмуа атрофи ободонлаштирилиб, тарихий ёдгорлик сифатида  давлат муҳофазасига  олинган.  

– Султон Мирҳайдар отани зиёрат қилиш учун Китоб туманидан келдик, – дейди Жасур Қувватов. – Бу инсоннинг улуғ авлиёлардан бири эканини кўп эшитганман ва маълумотлардан ўқиганман. Бу ерда зиёратчиларнинг кўплиги ҳам бунинг исботи. Зиёратчилар учун ҳам қулай шароитлар яратилгани таҳсинга лойиқ. Мана шундай тарихий обидаларни зиёрат қилишни ўзимизга мақсад қилганмиз. Бу ишни вилоятимиздан бошладик. Шу кунга қадар вилоятимиздаги 20 га яқин қадамжони оилавий зиёрат қилиб чиқдик. Кейин қўшни вилоятларга ўтамиз.  

Таъкидлаш лозимки, вилоятдаги мавжуд зиёрат туризми имкониятидан янада унумли фойдаланиш, зиёрат туризми йўналиши, миллий қадриятлар ва ҳунармандчилигимизни кенг тарғиб этиш ва ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида куни кеча тумандаги “Султон Мир ҳайдар ота” зиёратгоҳида вилоят туризм бошқармаси ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган зиёрат туризми ярмаркаси ва кулолчилик фестивали ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

Тадбир доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, фольклор гуруҳларнинг чиқишлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан ҳамкорликда миллий қадриятлар ва миллий таомлар кўргазмаси ҳамда зиёрат туризми ҳақида илмий-амалий семинар барчада катта таассурот қолдирди.

– Фестивалда қўли гул, пазанда хотин-қизларимиз томонидан тайёрланган миллий таомлар кўргазмаси барча меҳмонларда қизиқиш уйғотди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раҳбари Зулайҳо Худойқулова. – Юпқа, қатлама, ғилминди каби таомлар нафақат ўзининг мазаси билан, балки қувватлилиги билан ҳам ажралиб туради. Тўғри, бугун ушбу таомлар кўпчилик хонадонларда тайёрланмайди. Уй бекалари ташвишдан қочишади, аммо момоларимиз уларни тайёрлашдан ҳеч эринишмаган. Мақсадимиз миллий таомларимизни тайёрлашни нафақат ёш авлодга ўргатиш, балки мана шундай фестивалларда миллий таомлар кўргазмасини ташкил этиш орқали гастротуризмни ҳам ривожлантиришдир.  

Ташкил этилган тадбирлар маҳаллий аҳоли вакиллари ва саёҳатчиларда илиқ таассурот қолдириб, уларга кўтаринкилик бағишлади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари