Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк алломаларимиз мероси туганмас маънавий хазина
06:50 / 2025-12-13

Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ўтмишда яшаган буюк алломаларимиз асарларини жаҳонга кенг тарғиб қилишга, ўғил-қизларимизнинг маънавий-руҳий оламини бойитиб, улар қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва азалий қадриятларга ҳурмат ҳиссини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси фақат улуғ аллома Имом Термизий ҳаёти ва ижодини, асарларини ўрганибгина қолмай, қадимда Сурхондарё воҳасида яшаб, ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган термизийларни янада чуқур тадқиқ этиш имкониятини кенгайтиргани билан эътиборга сазовор бўлди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаб, диний маърифатни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳада малака ва илм масаласига алоҳида аҳамият қаратишни тақозо этди. Бу жараёнда Сурхондарё вилоятида ҳам Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, термизий алломаларнинг бой меросини чуқур илмий тадқиқ этиш бошланди. Имом Термизий номидаги ислом институти, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Кибермаконда хавф-хатар кучайиб, интернет тармоғи орқали радикал ғоялар тарқалаётган бизнинг давримизда диний маърифатни ривожлантириш йўлида юз берган бу ўзгаришлар халқимиз, айниқса, ёшларнинг ислом динининг асл моҳиятини теран англаб олишида муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ёш авлодни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан сақлашга чегара билмас интернет тармоғи орқали радикал ғоялар тарқалаётган ҳозирги даврда ёш авлодни бу иллат таъсиридан сақлашга қулай муҳит яратди.

Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасаси жамоаси ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, вилоятда маънавий-маърифий тарғибот ишлари сифати ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, таълим муассасамиз вилоят ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз давлат университети ва Сурхондарё вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ҳамкорлигида турли йўналишларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, аҳоли, талабалар, уюшмаган ёшлар ва ўқувчиларни қамраб олаётир.

Йилнинг ўтган даврида таълим муассасалари, маҳалла ва бошқа жойларда ўтказилган учрашув, давра суҳбати сингари маънавий-маърифий тадбирларда “Хусусий тартибда диний таълим беришнинг ҳуқуқий оқибатлари: назарий асослари ва амалий жиҳатлари”, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар”, “Интернет тармоқларидан фойдаланиш маданияти”, “Мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш”, “Рамазон учун руҳий ва амалий тайёргарлик” каби кўплаб мавзулар юзасидан очиқ мулоқотлар уюштирилди. “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. 

Ислом тарихида чуқур из қолдирган буюк алломаларимизнинг фалсафий-диний мероси туганмас маънавий хазина бўлиб, халқимиз ва фарзандларимиз онгу-шуурига сингдириш, асл мазмуни билан яқиндан таништириш уларнинг ботил ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақланиш кўникмасини оширмоқда. Мисол учун, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишда буюк термизийлар ва Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ алломаларимизнинг бой маънавий меросидан фойдаланилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Иштирокчилар дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик, бағрикенглик каби умуминсоний ва олийжаноб фазилатларидан фахр-ифтихор ҳиссини туймоқда. Хусусан, вилоятда биргина “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзуларида ўтказилган 80 дан ортиқ тарғибот тадбиримизда уч мингга яқин тингловчи қатнашиб, диний-маърифий тасаввурларини бойитди. Уларнинг ислом дини асослари ва маъно-моҳиятини теран англашига туртки бўлди. 

Бу ишларнинг барчаси янги Ўзбекистонда “Инсон қадри”, деган эзгу ғоя асосида миллатлараро аҳиллик, диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Имомиддин Бобоқулов,
Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари.
ЎзА