French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Буюк аллома меросига бағишланган халқаро конференция
18:21 / 2022-06-21

ФОТОРЕПОРТАЖ

Бухорода “Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий мероси ва унинг илк Шарқ Ренессанси ҳамда ислом фалсафаси илмий назарий асосларини яратишдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Қадим Бухоро заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари инсоният тарихида жуда катта из қолдирган. Ана шундай буюк алломалардан бири Абу Ҳафс Кабир Бухорий саналади. Унинг ислом оламида Бағдоддаги “Низомия” мадрасасидан икки юз йил олдин – 810 йилда Бухорода олий мадрасалар, яъни университетларга асос солгани, унинг залворли хизматлари туфайли Биринчи Ренессанс даврида Бухоро “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом динининг гумбази”, деган шарафли унвонга сазовор бўлганлигини, Имом Бухорийнинг устози эканлигини ва Имом Бухорий ҳам Абу Ҳафс Кабир асос солган мадрасада таҳсил олганини эътироф этиш мумкин. 

Анжуманда эътироф этилганидек, ислом динининг бугунги Ўзбекистон заминида қарор топган шакли ўзининг тараққийпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари билан ажралиб тургани сабабли ушбу заминда юксак иқтисодий, маданий ва илмий тараққиёт юз берди. Ушбу цивилизациянинг вужудга келишида Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг хизматлари беқиёс. Абу Ҳафс Кабир – Имом Ҳожатбарорнинг Бухорода туғилиб, ислом оламига шу заминдан танилгани, унинг ибратли ҳаёти, бой диний ва маънавий мероси ҳам бу тарихий жараёндан истисно эмас.

Айни жиҳатларни анжуманда онлайн иштирок этган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази Бош директори илмий маслаҳатчиси, профессор Аширбек Мўминов (Туркия), Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Департамент бошлиғи, профессор Башир Аҳмад Ансорий (АҚШ), Мичиган университети профессори Темурхўжа Усмонхўжа (АҚШ), Қоҳира университети профессори Убайд Муҳаммад (Миср), Жавоҳарлаъл Неру университети профессори Ахлоқ Аҳмад Оҳан (Ҳиндистон) ва бошқа етакчи олим ва экспертлар ҳам тилга олиб ўтди.

Шунингдек, анжуманда юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий меросининг маънавий тараққиётини таъминлашдаги роли ва жаҳолатга қарши курашдаги ўрни, Абу Ҳафс Кабир Бухорий Фақиҳлар академияси, унинг Шарқ Ренессанси, Ислом фалсафаси ва ҳуқуқининг илмий назарий асосларини яратишдаги аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. 

[gallery-7654]

Тоҳир ИСТАТОВ (сурат),ЎзА