Буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси ёшларнинг таълим-тарбиясида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида атоқли адбибларимизнинг ижодий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, уларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги “Атоқли адиблар ва мутаффакирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Адиблар хиёбонига ҳайкаллари қўйилган 24 нафар атоқли ёзувчи ва шоир олий таълим муассасаларига,жумладан, буюк адиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига бириктирилган.
Ойбек Тошкентнинг Эски шаҳрида ўртаҳол ҳунарманд-тўқувчи оиласида туғилган. Ойбек қаламига мансуб роман ва қиссалар қайси давр ҳаётидан олинган бўлмасин, адиб шу давр ҳаётини мукаммал ўрганган, айниқса, тарихий давр ва тарихий шахс ҳаёти билан бирламчи манбалар асосида яқиндан танишган ёзувчи сифатида намоён бўлади. Ойбекнинг насрий асарларига хос муҳим хусусиятлардан яна бири шундаки, у асар қаҳрамони ёки тарихий шахсни Ватан ва халқ манфаатлари йўлида курашувчи, меҳнаткаш халқ орзу-армонларининг рўёбга чиқиши йўлида заҳмат чекувчи сиймо сифатида тасвирлаган.
Буюк адибнинг «Онамни эслаб…» шеъри ойбекона лиро-эпик шеъриятнинг юксак намунаси. Ойбекнинг шеърий меросида бундай дурдоналар оз эмас. Таъкидлаш жоизки, Ҳамид Олимжон қаламкаш дўстини «прозада шоиру поэзияда прозаикдир», деб бежиз таърифламаган. Ойбек ўз истеъдодининг хусусиятидан келиб чиқиб, достон жанрида бошқа барча ўзбек шоирларига қараганда изчил ва самарали меҳнат қилган ва 18 та достон ёзган. Бу достонлар халқ, мамлакат ва Ойбек яшаган давр ҳаётининг энг муҳим масалаларига, халқ манфаати йўлида яшаган ва курашган фидойи кишилар образини яратишга бағишланганлиги, ўзбек шеъриятида реалистик тасвир санъатининг қарор топишидаги ўрни ва аҳамияти билан, айниқса, қимматлидир.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талаба-ёшлари 2020-2021 ўқув йилида тасдиқланган режа асосида буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган уй-музейига 19 марта саёҳат уюштирди. “Ойбекхонлик кечаси” маънавий-маърифий тадбирида буюк адибнинг қариндошлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан бир қанча таниқли ижодкорлар, Республика маънавият ва маърифат марказининг вакиллари, институтимиз талаба-ёшлари, педагог ходимлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этиб, буюк адиб Ойбек ёрқин хотиралар билан ёд этилди. Шу билан бирга, институтдаги 4 та факультетда Ойбекнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танловлари, унинг асарлари асосида саҳналаштирилган драма асарларининг кўрик-танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган талаба-ёшлар пул мукофотлари ва дипломлар билан тақдирланди. Шунингдек, институт раҳбарияти томонидан Адиблар хиёбонидаги Ойбек хайкали ёнида таниқли ёзувчилар, шоирлар иштирокида ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, шеърхонлик кечалари ташкил этилиб, барча факультет талаба-ёшлари тасдиқланган жадвал асосида ушбу маънавий-маърифий тадбирларга ташриф буюради. Ойбекнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар кўргазмалари ташкил этилди. Ойбекнинг ҳаёти ва ижодини мукаммал ўрганган, илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган, алоҳида фаоллик кўрсатаётган иқтидорли талабаларнинг 4 нафарига инситут кенгашининг қарорига асосан “Ойбек номидаги махсус стипендия” таъсис этилди ва уларга қўшимча стипендиялар бериб борилмоқда. Шунингдек, институтда Ойбекнинг ҳаёти ва ижодини янада пухта ўрганиш мақсадида хона-музейи ташкил этилмоқда. Ойбекнинг бой маънавий меросига бағишланган ҳужжатли фильм яратилмоқда.

Ойбек ўзининг 20 жилдлик адабий мероси билан кўп асрлик ўзбек адабиётининг энг юксак чўққиларидан бирини забт этган буюк адибдир. Ўзининг бетакрор истеъдоди ва ўлмас адабий дурдоналари билан ўзбек миллий маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган, шеъриятда ҳам, насрда ҳам, мислсиз сўз устаси- Ойбекнинг ҳаёти ва ижодини ҳамда бой маънавий меросини талаба-ёшларимиз томонидан ўрганиш бевосита буюк адибга бўлган эҳтиром намунаси ҳисобланади.
Абдусаттор АБДУҒАФФОРОВ,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат
институти доценти.