Бухоро — инсоният тамаддунининг шундай бир нуқтасики, у ерда тарих ва маънавият бир бутунлик касб этади. Бу қадимий кент асрлар давомида ислом илм-фани ва маърифатининг нафақат минтақавий, балки жаҳоншумул маркази бўлиб келди. Бухоронинг “Шариф” мақоми билан улуғланиши шунчаки тарихий атама эмас, балки унинг замирида асрлар давомида сайқалланган илмий ва руҳий қудрат мужассам.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деган фикрлари замирида шаҳарнинг ана шу тарихий миссиясини бугунги кун нафаси билан бойитиш, уни яна дунёнинг илм машъалига айлантиришдек улуғвор мақсад ётибди.

Тарихий ҳақиқатларга кўра, Бухоронинг муқаддас мақоми XIII асрдаги буюк бурилишлар, хусусан, шайх Сайфиддин Бохарзийнинг маънавий жасорати билан чамбарчас боғлиқ. У зотнинг даъвати нафақат оддий инсонлар, балки ҳукмдорлар қалбини ҳам имон нури билан ёритгани боис, Бухоро ислом цивилизациясининг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шаҳар маънавиятини Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислари, Баҳоуддин Нақшбанднинг руҳий таълимоти ва Ибн Синонинг оламшумул кашфиётларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу замин етиштирган юзлаб алломаларнинг ҳар бири “Шариф” мақомини ўз илми ва тақвоси билан мустаҳкамлаб кетган.
Бугун Бухоро янгича чирой очмоқда. 2020 йилда шаҳарнинг “Ислом маданияти пойтахти” деб эътироф этилиши унинг жаҳон маънавий харитасидаги ўрни беқиёслигини яна бир бор исботлади. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Етти пир” мажмуаларининг обод этилиши, Бухородаги қадимий обидаларнинг асл ҳолида сақланишига қаратилаётган юксак эътибор — аждодлар руҳига бўлган эҳтиром ва келажак авлодга қолдирилаётган энг катта меросдир.

Хулоса қилиб айтганда, Бухоройи шариф — бу нафақат ном, балки илм-фан, маърифат ва юксак одоб билан йўғрилган буюк маънавий илдиздир. Ушбу заминдаги ҳар бир тош, ҳар бир обида тирик тарих бўлиб, инсониятни жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга чорлайди. Шаҳарнинг “Шариф” мақоми биз учун нафақат фахр, балки зиммамиздаги улкан масъулиятдир: Бухорони ҳамиша илм манбаи, эзгулик маскани сифатида асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси рахбари