Бухорода бугун ўзгаришлар катта. Президент ташрифи вилоят ҳаётига янги нафас, янги руҳ ва барака олиб келди. Аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш имконини яратувчи янгидан янги лойиҳаларга йўл очилди.
Вилоятда чорвачилик, айниқса, қоракўлчиликни янада ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тери етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорда сотиш борасида муайян чора-тадбирлар қўлланмоқда. Бу ишлар ўтган асрнинг 80- йилларида ҳам бўлган. Аммо ўша замонларда бухороликлар ўз маҳсулотини нари борса Москвага қадар кўтариб борган. Қуёшда ўзгача товланиб кўзни оладиган бири-биридан чиройли қоракўл терилар казо-казоларга ҳадя қилинган.

Қўй боқиб, умрини чўпонлик билан ўтказган заҳматкаш одамлар етиштирган маҳсулотини қанчага, қаерга сотилиши, унинг ортидан ким кўпроқ наф топишини умуман билмаган. Энди замон ўзгарди. Меҳнатнинг роҳатини кўрадиган дамлар келди. Текширувчи келганда бир отар қўй орасидаги икки-уч бош қўзимни билиб қолмасин, деб қўрқувдан қалтираган чўпонлар ҳам ўтмишда қолди. Икки оғиз мақтов, фахрий ёрлиқ учун ишлайдиган чорвадорлар ҳам энди йўқ.
Бугун чўпон ҳам, унинг фаолиятига кўмакдош хўжалик ҳам мулкнинг ҳақиқий эгаси ҳисобланади. Улар қанча чорваси борлигини, яйловнинг қайси бурчагида гиёҳ униши ёки унмаслигини яхши билади. Яйловни асраш учун нима қилиш керак, давлатга қанча солиқ тўлаши, нима қилса даромади янада ошиши, олимларнинг маслаҳат ва тавсияси нечоғлик самара беришини яхши тушунадиган ҳақиқий тадбиркор у десак ҳам муболаға бўлмайди.

Тўғрисини айтганда, чўпонлар бугун минг қўйли бойдан кам эмас. Ўтган йили куз ойида бухоролик оқсоқоллар 2024 йил балиқ йили, сув кўп бўлади, дала-дашт яшнайди, булоқлар қайнайди дейишган эди. Шундай бўлди ҳам. Яйловлар ўт-ўланга бурканди.
Бухорода қоракўлчилик ҳаддисини олган миришкорлар кўп. Неъмат Маматризаев шулардан биридир. У бу йўналишда кластер ташкил этиб яйловларни тиклаш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни кўпайтириш, соҳада қўшимча қиймат занжирини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Энг муҳим вазифа таннархни камайтирган ҳолда юқори сифатли маҳсулот етиштиришга эришишдир, – дейди Бухоро қоракўл уюшмаси раиси Неъмат Маматризаев. – Озиқлантириш шу даражага етиши лозимки, жонивор ошқозонида озуқа тўлиқ қайта ишланиши, қувватга айланиб организмни кучайтириши керак. Чорванинг кўпайиши, наслдорликнинг юзага чиқиши, сифатли маҳсулот тайёрлаш, дегани айни шу жиҳатларга боғлиқ. Уюшма таркибидаги қоракўлчилик хўжаликларида ҳам қўшимча иш ўринлари яратиш, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлашга киришилган. Муҳими одамлар чўл бағрида ўзлари учун худди шаҳардагидек қулай шароит яратиб олишга одатланяпти.

Йилнинг серёғин келгани, яйловларда минг турли гиёҳлар униб чорва озуқаси кўпайгани Бухоро қоракўл уюшмасига қарашли “Кўкча” қоракўлчилик-наслчилик хўжалиги жамоасини ҳам йиллик режаларни қайта тузишга ундади. Отарларда қўйларнинг жунини олиш, каналарга қарши чўмилтириш ишлари якунига етказилди. Мутахассислар ҳар бир отарда бўлиб бонитировка ишларини якунига етказишди ва шу тариқа чорва маҳсулдорлиги борасидаги кўрсаткичлар янгиланди.
Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур хўжалик ихтиёрида 254 минг 398 гектардан ортиқ яйловлар мавжуд, чорва бош сони 13 минг 500 бошдан ошди. Кўклам якуни билан 8 минг 915 бош совлиқ 100 фоиз болалади. 6085 бош қўзилар ўстиришга қолдирилди.

Хўжалик раҳбари Олим Назаровни ишхонасида учратдик. Унинг отаси узоқ йиллар шу жамоага бош бўлган. Ўзининг тантилиги, ишбилармонлиги билан одамларнинг меҳрини қозонган. Одамлар ҳозир ҳам Назаров дейишса Олимбойнинг отасими, ё ўзими, икковининг ҳам отасига раҳмат, кўп яхши ишлар қилди, одамларга, жамиятга кўп нафи тегди, деб алқашади.
Кейинги йилларда “Кўкча”да қурилган иморат йўқки Назаровларнинг ҳиссаси қўшилмаган бўлса. Қоракўлчиларнинг Республика ва вилоят бўйича ўтказилган кўргазмали семинарларида ҳам “Кўкча”да эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилади. Ўнлаб тажрибали чўпонлари, мутахассислари муносиб тақдирланган. Ана шу аҳил жамоанинг етакчиси бугун Олим Назаров. Унга ташаббускорлик отасидан юққан. Чўпонлар ҳаёти нечоғлик мураккаб эканлигини Олимжондан яхши биладиган ишбилармон бўлмаса керак.
– Одамлар бу ерларда қадимдан чорва билан шуғулланган, минг йилдирки, чўпонлар яйлов кезади, қоракўл кўйларни кўпайтиради, – дейди Олим Назаров. – Тўғриси айтсам, хўжалигимизда парваришланаётган қўйларнинг гўштидек хуштаъм неъмат йўқ дунёда. Минг бир турдаги гиёҳларнинг хосияти бу. Қўйлар ана шу ўт-ўланларни еб озиқланади, якуний маҳсулот сифати ҳам шунга яраша бўлади. Кейинги йилларда институтда, университетда ўқиётган ёшлар отарларимизда тажриба ўтамоқда. Биз уларга етарли шароит яратиб берганмиз. Наслчилик ишларини янада яхшилаш мақсадида профессор Эркин Шаптаков бошлиқ қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти олимлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Бундан ташқари, тизимдаги кўпчилик қоракўлчилик хўжаликлари Афғонистон ва бошқа давлатлардан наслли қўчқорлар, қўйлар олиб келишга ҳаракат қилмоқда. Четдан келтирилган қўчқорларни маҳаллий совлиқлар билан чатиштириб яхши натижа кутаётган тадбиркорлар ҳам бор.
Олим Назаровнинг эътироф этишича, “Кўкча” қоракўлчилик совхози бундан 60 йил илгари ташкил этилган. Сўнг йиллар ўтиб наслчилик хўжалигига айлантирилди ва айни чоғда жамоада билимдон ва тажрибали чўпонлар жуда кўп. Бахтиёр Исломов, Бадри Шарипов, Нагашбай Тульмисов, Акбар Рамазонов, Исо Ҳасанов, Толиб Шоаҳмедов, Аҳмад Ҳайитов ва ҳоказолар шулар жумласидан. Ҳар бир отар Олим Назаровнинг доимий эътиборида.
“Кўкча”да ҳар бир байрам, тўй маросимлар оқсоқоллар иштирокисиз ўтмайди. Бу хўжаликда касаба уюшмасининг ўрни бўлакча. Касаба уюшма раиси Равшан Тоҳиров бошчилигида отарлардаги илғор чўпон ва мутахассисларнинг дам олиши, соғлигини тиклаши учун санаторийларга йўлланмалар берилади.
– Отам шу ерда кўп йил раис бўлган пайтларда раҳбарликнинг юки оғирлигини ҳис этмаганман, –дейди Олим ака. – Раисга мазза, хўжаликда ундан катта одам йўқ, ҳамма қулоқ солади, тадбирлар, тўйларда давранинг тўрида ўтиради, машинасини орқасига ўтириб олиб бу отардан бу отарга бориб чўпонни тергайди, деб ўйлардим. Ўзим хўжалик жиловини қўлга олгач сездимки, юк жуда оғир, раҳматлик отамга осон бўлмаган экан. Баъзан ялқовни ҳам, юзсизни ҳам индамасдан кузатишга тўғри келади, баъзилар ўзи келишга юзи чидамай хотини ё боласини жўнатади ва аксинча устига осмон ағдарилиб кетсада дод демайдиган одамларни кўрасан. Хўжаликдаги мактаблар, марказдаги маданият саройи, спорт майдончаларининг болалар билан гавжумлиги вужудимдаги чарчоқни буткул қувади. Менимча дунёда болаларнинг шодлиги, қийқириб ўйнашидан гўзалроқ манзара бўлмаса керак.
Уюшмадан бизга йўл кўрсатиб келган Ҳалимжон Соҳибовни раис билан суратга олдик. Хўжалик мутахассислари орасида бош ҳисобчи Болтаев Умиджон, бош зоотехник Рашид Жўраев, иккинчи бўлим бошлиғи Равшан Тоҳиров, ёрдамчи ҳисобчи Ўткир Тешаев каби узоқ йиллардан буён ишлаётган ва Олим Назаровнинг отасини ҳам яхши билган кишилар ҳам суратга тушди. Чўпонлар ҳузуридаги гурунглар, наслли қўчқор ва совлиқларнинг ҳолати билан танишув раисга ҳам бизга ҳам завқ бағишлади.
Аллоҳга беадад шукрки, бу йил яйлов – чўпонлар ватан тутган гўша қуриб кетмаган, ўт-ўлан кўп, кун тандирдек қизиётган бўлсада яйловда барака бор. Отарларда оби ҳаёт дегани олтиндан қиммат. Негаки, куч ва техника топиб ковлатинг, 240-300 метр чуқурликдан ҳам сув чиқмаслиги мумкин, раис бу масаланинг ҳам ечимини топишга киришган. Чўпонларнинг энг яқин дўсти, кўмакчиси, оталари каби меҳрибони Назаровнинг ўзи. Ҳа бу гапга ишонаверинг, бири биридан 50-60 километр узоқликдаги отарларда бўлганда ана шу меҳрни чўпон боболарнинг нигоҳларида кўрдим.
– Бу одамлар шу ерда туғилиб шу ерда мисоли чинордек томир отган. Агар уларни барча қулайликларга эга бўлган шаҳарга жўнатинг, бир кунда бўғилиб қолади, ўтовимга, яйловимга кетаман, тилла берсанг ҳам бу ерда турмайман, дейди. Ношукрликка йўймангу шаҳарнинг мазали таомларидан кўра ўтинда пишган таом, қумғоннинг чойи, эчкининг қатиғи “Кўкча”лик учун энг лаззатли таом. Булардан сиз ҳам татиб кўринг, меҳмон, гапимга ана шунда тўлиқ ишонасиз, – дейди раис.
Олим Назаровдан фарзандлари ҳақида сўрадик. Раиснинг бу борада ҳам омади чопган. Катта ўғли Иброҳимбек дронлар бўйича етакчи муҳандис, ўз касбининг билимдони. Иккинчи ўғли Муҳаммадали IT- йуналишида мутахассис, давлатга ҳам, жамиятга ҳам жуда керакли мутахассис. Отанинг айтишича, бу борада Муҳаммадали устозлари ва раҳбарларининг ишончини оқлаяпти. Ота учун бундан ортиқ бахт борми? Олим Назаров ўғиллари ҳақида гапирганда кўзлари қувониб сўзлади, унга ҳавасим келди ва мана шундай ғурурланиш бизларга ҳам насиб этсин, дедим.
– Сунъий толалар дунёни босиб кетган бўлсада, табиий, экологик тоза маҳсулотнинг шайдоси асло кам эмас. Айниқса, офтоб нурида минг бир тусланадиган энг юқори сифатли қоракўл теридан тикилган кийим-бош харидорини топса ўзбекнинг номи яна бир бор ҳурмат билан тилга олинади, чўнтак пулга тўлади. Ҳамма гап ана шу юқори сифатли маҳсулотни етиштириш ва сотувини йўлга қўйишда, – дейди Олим Назаров. – Чўпонларимизнинг шижоати баланд, бизни эса ниятлар улкан. Чунки ҳаётимиз мана шу дунёда саноқли давлатларда боқиладиган қоракўл қўйлар билан боғлиқ. “Бухоронинг жонли олтини” деб ном олган қоракўл қўйлари эса биздан бошқа жойда йўқ. Шу боис ягона орзуйим – отамнинг, боболаримнинг руҳини шод этиб, “Кўкча” шон- шуҳратини янада кўтариш. Ана шунда соҳамиз том маънода валюта манбаига айланади.
Абдунаби Алиқулов,
ЎзА