Бухоронинг туризм салоҳияти Абу-Дабида намойиш этилмоқда
Айни кунларда Абу-Дабида бўлиб ўтаётган нуфузли "Sheikh Zayed" фестивалида бир гуруҳ ҳунармандларимиз миллий маданиятимиз, анъаналаримиз ва бой тарихий меросимизни халқаро майдонда кенг намойиш этмоқда.
Фестиваль ҳудудида ташкил этилган павильон миллий безаклар, шарқона меъморчилик ва тарихий руҳ билан безатилди. Айниқса, Бухоро ҳунармандчилик маҳсулотлари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.


Мазкур павильонда анъанавий либослар, миллий ҳунармандчилик буюмлари, маданий атрибутлар ва тарихий рамзлар намойишга қўйилган.


Республика “Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, маданий дастур доирасида ўзбек миллий либосларидаги чиқишлар, жонли ижролар ва саҳна кўринишлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Фестиваль меҳмонлари мамлакатимизнинг бой маданияти, урф-одатлари ва санъатига юқори баҳо бермоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА