Малайзия, Индонезия ва Сингапур давлатларида Бухоро вилоятининг туризм имкониятларини кенг тарғиб этиш ҳамда ушбу давлатларнинг ҳудудларида туроператорлар учун “Роуд-шоу”лар ташкил қилиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Бухоро вилоят делегацияси Малайзия давлатида бўлди.
Сафар чоғида 10 га яқин туризм соҳаси вакиллари, йирик ассоциация ва корхоналар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Мазкур учрашувлар Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакили Элбек Саидов ҳамкорлигида Бухоро вилояти ҳокимлиги вакили Акмал Музаффаров ва Бухоро вилояти туризм бошқармасининг масъул ходими Бобир Тўхсановлар томонидан амалга оширилди.

Учрашувларда Малайзия халқаро савдо ва кўргазма маркази бош менежери билан “Роуд-шоу”ни ўтказиш масаласида муҳокамалар ўтказилди. Шунингдек, Малайзиянинг туризм, санъат ва маданият вазирлиги билан тарғибот компанияларини ишга солган ҳолда мамлакатлараро сайёҳлик алмашинувини кучайтириш, Малайзиянинг “Smart world travel & tours SDN BHD” туристик компанияси билан сайёҳлик алмашинуви бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ишлар олиб борилди.

Малайзиянинг 3 000 дан ортиқ туристик ташкилотини ўзида жамлаган Малайзия тур ва сайёҳлик агентлари уюшмаси раҳбари билан “Роуд-шоу” тадбирида малайзиялик туроператорларни жамлаган ҳолда ўзбекистонлик туроператорлар учун учрашувлар ташкил этиш масаласида келишиб олинди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири