Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоронинг шарифлик мақомини олишига сабабчи бўлган шайхни биласизми?
07:42 / 2025-09-08

Ватанимиз тарихидаги 8 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1190 йил (бундан 835 йил олдин) – мусулмон Шарқида Шайх ул-олам – Оламнинг шайхи номи билан донг таратган, кубравия тариқатининг забардаст намояндаси, буюк пир, улуғ авлиё, нуктадон олим, хассос шоир ва етук воиз Сайфиддин Боҳарзий таваллуд топди. Бухоро машҳур фиқҳшунос олим Абу Хафси Кабир Бухорий (767–832) туфайли “Қуббат ул-ислом” – “Ислом динининг гумбази” номига сазовор бўлган бўлса, айнан шайх Сайфиддин Боҳарзий (1190–1261) фаолияти туфайли унга янги сифат – “шариф” сўзи қўйилиб, у Бухоройи шариф, яъни Шарофатли Бухоро номи билан юритиладиган бўлди. Шу тариқа шайх Сайфиддин Боҳарзий Бухоронинг шарифлик мақомига эга бўлишига сабабчи бўлган.

Дамашқлик машҳур тарихчи ва муҳаддис Шамсуддин Заҳабий (1274–1348) ўзининг “Машҳур даҳолар сийрати” асарида Сайфиддин Боҳарзий ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Аллома ҳақида сўз бошлаган Заҳабий уни: “Номлари тўрт иқлимга машҳур. Қалблардан ўрин олган беназир олим”, деб таърифлайди. Шу сўзларданоқ шайхнинг шавкатига баҳо бериш мумкин.

1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Испания қиролининг Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ҳузурига юборган элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, шу куни Амир Темур Самарқанд четидаги “Дилкушо” боғида элчиларни қабул қилди. Қабул маросими катта зиёфат ва тантана билан бошланган. Клавихонинг ҳикоя қилишича, қабул маросимида ҳукмдор Темурнинг ёнида Сарой Мулк хоним бошлиқ бошқа хотинлари ҳам ўтирганлар.

1572 йил (бундан 453 йил олдин) – Бухоронинг амалдаги хони Абдуллахон II Жўйбор хожаларининг ер-мулкларини ҳар хил солиқлардан озод қилиш ҳақида фармон чиқарди. Мазкур фармонга асосан Хожа Калон (Хожа Саъд)нинг Марв шаҳридаги ҳам меросий олган, ҳам инъом-суюрғол қилиб берилган ер мулклари солиқ ва мажбуриятлардан озод этилди. Ушбу фармоннинг диққатга сазовор жойи шундаки, мулкни меросий мулк деб тан олиш билан бирга уни дарубаст деб ҳисоблаш, ерни солиқ солиш мақсадида қайта ўлчамаслик, ҳар йили ушбу фармонни янгилашни талаб қилиш ҳам ман этилган эди. Бундан Жўйбор хожаларининг чекланмаган имтиёзлардан фойдалангани, улар барча солиқ ва мажбуриятлардан озод қилингани, маҳаллий ҳукмдорларнинг эса қандай бўлмасин эшоннинг саркорлари, деҳқонларининг ишларига аралашишлари ман этилгани аъён бўлади.

1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Қўқон шаҳрида “Ғайрат” кутубхонаси томонидан “Эл байроғи” газетаси нашр этила бошланди. Газета 1917 йил 13 декабрдан кейин Туркистон Мухториятининг расмий газетасига айланган. “Турк элининг моддий ва маънавий эҳтиёжидан баҳс юритиб, мувакқат ҳукуматнинг тадбир ва сиёсатларидан” ёзган ва “Яшасин, Туркистон Мухторияти, яшасин, қўшма халқ жумҳурияти” шиори остида халкнинг ижтимоий онгини уйғотишга интилган. Қўқонда барпо этилган Туркистон Мухторияти ҳукуматини ҳимоя қилган ва унинг фикрини изҳор этган. Газетага Бўлат Солиев, кейинроқ Ашурали Зоҳирий муҳаррир бўлишган. Газетанинг 20-сони чиққач, унинг фаолияти тўхтаган.

1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистондаги биринчи Халқаро банк мактаби очилди. 

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги органларидаги вакили тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент ва Москва шаҳарлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2011 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулки объектларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тасарруф этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Стратегик ислоҳотларни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА