Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоронинг ишбилармон аёллари
14:47 / 2023-08-26

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танлови ҳудудий- республика босқичи ўтказилди.

Мустақиллик йилларида хусусан, кейинги 5-6 йилда жамиятимизда аёл ҳар қачонгидан кўра эъзоз ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Айниқса, тадбиркор хотин-қизлар учун жойларда яратилган кенг имкониятлар, уларнинг эмин-эркин фаолият олиб боришлари учун белгиланган имтиёз ва преференциялар нозик хилқат эгаларини мудом изланишга, ўз устида тинимсиз ишлашга касб-маҳоратини оширишга, эл-юрт маъмурчилиги йўлида барча ишни қилишга даъват этмоқда.  

Тадбиркор хотин-қизларнинг изчил фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган O'zLiDePнинг “Ишбилармон аёл” истиқболли лойиҳаси бу борада муҳим аҳамият касб этяпти. Жумладан, бухоролик аёлларнинг ҳам бизнес соҳасидаги лойиҳаларини ривожлантириш, хусусан хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш, аёлларнинг жамиятдаги мавқейини янада оширишга хизмат қилиб келаётган ушбу кўрик-танловда мана 7 йилдирки, вилоятдаги тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер аёллар ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.  

Ўтган йиллар давомида танловнинг вилоят ва республика босқичларида ғолиб ва совриндор бўлган аёллар орасида Пешку туманидаги “Малишояк” фермер хўжалиги раиси Санам Жумаева, “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари Замира Сафарова, “Замин мадад тайёрлов савдо” МЧЖ раҳбари Мамлакат Содиқова, “АРК ТРАВЕЛ” сайёҳлик компанияси раҳбари Инобат Каримова, “Файз қурилиш моллари” МЧЖ раиси Дилором Файзиева, “Banoaz Tekstile” МЧЖ раҳбари Маҳтоб Адилова сингарилар бор.  

Жорий йилги кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ва ҳудудий-республика босқичига йўлланма олган 13 нафар тадбиркор ва ишбилармон аёлларнинг истеъдод, маҳорат ва меҳнатларига талабчан ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳо берилди.  

Танлов низомига асосан ҳудудий босқич ғолиблари  “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари ҳисобланади.  

Ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан фахрли биринчи ўрин тадбиркорликнинг турли йўналишларида бардавом фаолият олиб бораётган ғиждувонлик Иқлима Жўраевага берилди.  

[gallery-13277]

– Ғиждувон туманидаги “Фирдавс Ўктам Амон омади” масъулияти чекланган жамиятимизга  “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 33 гектар ер ажратиб берилганлиги бу ерда  бир миллиард сўм ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг 31 минг доллари эвазига экомаскан барпо этиш имконини берди, – дейди ушбу МЧЖ раҳбари, O'zLiDeP фаоли И.Жўраева. – Ҳозирги пайтда экомасканимизда 40 минг тупга яқин турли кўчатлар парвариш қилинмоқда. Дам олувчилар учун юрталар ўрнатилиб, тегишли шароитлар яратилган. Келгусида эса маҳаллий ва хорижий меҳмонлар 5 гектардан иборат сув ҳавзасидан балиқ овлашлари от ва туяларда сайр этишлари мумкин бўлади. Экотуризм маҳаллий аҳолининг фаол ижтимоий-иқтисодий иштирокини таъминлаши ва ушбу фаолият туридан яхшигина даромадга эришилиши билан  эътиборга сазовордир. Бу йилги Тадбиркорлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз қатори “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлигим, мени ўз фаолиятимда янги марраларни эгаллашга даъват этиб турибди.  

Кўрик-танловда фахрли иккинчи ўрин Ромитан туманидаги “Санобар Самад Жасмина” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари  Санобар Жўраевага насиб этди. Учинчи ўринга эса Вобкент туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Шаҳноза Авезова муносиб деб топилди.  

Ғолиб ва совриндорлар O'zLiDeP ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг  диплом, ташаккурнома, шунингдек қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.  

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда сўзга чиққан O'zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати  О.Хамидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Баратова, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Н.Алимов ва бошқалар кейинги пайтда мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсати тамомила янги босқичга олиб чиқилганлигини, Президентимизнинг аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун юзлаб ва минглаб бухоролик хотин-қизлар, жумладан, навбатдаги танловда қатнашган ишбилармон аёллар қалбида ҳам ишонч, шижоат ва миннатдорлик туйғуларини уйғотганини алоҳида таъкидлади.  

O’zLiDeP сайловолди дастурида ҳам ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга алоҳида урғу берилганлиги партиянинг истиқболли лойиҳаларидан бири “Ишбилармон аёл” кўрик-танловларида иштирок этиш истагида бўлган хотин-қизлар сафини тобора кенгайтирмоқда.    

Байрамона тарзда ташкил этилган тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар барчага хушнудлик бахш этди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА