Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллик шодиёналари арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Улар орасида 5 нафар бухоролик ҳам бор.
Шундай эътирофга лойиқ деб топилган вилоят вакилларига кўкрак нишонларини тантанали топширишга бағишланган маросим ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталиб, бу борада жонкуяр, фидойи зиёлиларнинг ҳиссалари беқиёс эканини таъкидлашди.

---Олот тумани Мухтор маҳалласида очилган маҳалла кутубхонаси ташаббускори ва асосчиси ҳисобланаман,--дейди “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Шаҳноза Наврўзова.-- 2022 йил август ойидан маҳалла кутубхонаси ташкил қилиш ҳаракатини бошладик. 2023 йил май ойида кутубхона тўла ташкил қилинди ва ўз фаолиятимни бошладим. Мазкур маҳалла кутубхонасидан нафақат ўзимизнинг маҳалламиз, қолаверса, атрофдаги бошқа маҳаллалар, ҳатто қўшни туманлар ва вилоятлардан ташриф буюрган китобхонлар ҳам фойдаланмоқда. Бу юртимизда китобхонлик муҳитини шакллантиришга катта хизмат қилмоқда. Кутубхонада ёшлар билим олиши ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳам барча шароит яратилган. Бунинг натижасида кутубхона фойдаланувчилари хорижий тил ва фан сертификатларини қўлга киритмоқда. Бугун байрам олди менинг кичкинагина ташаббусим қўллаб-қувватланганидан хурсандман.
Шундан сўнг кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.