Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоролик ёшлар референдумда фаол иштирок этади
16:01 / 2023-04-14

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан Бухоро Давлат университетида “Референдум ва ёшлар” форуми ўтказилди.

Тарғибот-ташвиқот тадбирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари, партия фаоллари ва фахрийлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.  

Тадбирни университет ректори, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Обиджон Ҳамидов кириш сўзи билан очиб,  янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида йиғилганларга кенг тушунтиришлар берди. Шу билан бир қаторда мамлакатимиз олий таълим тизимида кейинги пайтда рўй бераётган ўзгаришлар, конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган қўшимча ва  янги нормалар келгусида ёш авлод камолоти ва  ҳуқуқий ҳимоясида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.    

Таъкидланишича, Конституциявий қонун лойиҳасининг 51-моддасида “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” деган норма мустаҳкамланаётгани келажакда Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўша оладиган, етук, ўз соҳасининг билимдони бўлган мутахассисларни камол топтиришга хизмат қилади.  

 – Дарҳақиқат, Янгиланаётган Бош Қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда, –  деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Асланова. – Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисоб варақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда.  

Тадбирда Бухоро туманидаги  “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаммад Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ўзини тўла оқлаётган кластер тизими юртимиз аграр соҳасида ҳам пировард натижаларни бериб келаётганини, бу айниқса пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятида аниқ кўзга ташланаётганлигини айтиб ўтди. Ватанимиз келажаги ҳозирги ёшлар қўлида эканлиги, шу боис уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кундалик турмушнинг келгусидаги орзу-умидлари ушалиши давлат ҳимоясида эканлигини таъкидланди.    

Дарҳақиқат, Янгиланаётган Конституцияда биринчидан, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, деган норма мустаҳкамланмоқда.  

Иккинчидан, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратади, деган меъёр ҳам киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг 51-78-79-моддаларида бу фикрлар ўз аксини топганлиги бежиз эмас.  

Тадбир давомида партия фаоллари томонидан иштирокчиларга бўлажак референдумга оид бир қатор буклетлар, кўплаб флаерлар тарқатилди. Тадбир иштирокчилари томонидан янгиланаётган Конституцияни қўллаб-қувватлаб айтилган “Конституция – меники, сеники, бизники”, “Конституция – ўзимизники” деб янграган чақириқлар байрамона тадбирга кўтаринкилик, завқ-шавқ бағишлади. Тадбирда янграган куй-қушиқлар барчага юқори кайфият ва хушнудлик бахш этди.  

– Биз-ёшлар халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ қарамасдан, жорий йилнинг 30 апрелида бўлиб ўтадиган референдумда янгиланаётган Конституция учун овоз берамиз, – дейди университет талабаси Беҳруз Шукуров.  – Бу ушбу олий ўқув юрти нафақат профессор-ўқитувчиларининг, балки барча талаба-ёшларининг ҳам қалб даъватидир.  

Зариф Комилов, ЎзА